Ўзбекистон ИИВ — икки блогер қидирувга берилгани сабаблари ҳақида

Улашиш:

ИИВ 2 блогер қидирилаётгани сабабларини маълум қилди. Санжар Икромов (Sanjar Xo’ja) 2012 йилдан буён Сергели бозорида фуқарога автомобиль олиб беришни ваъда қилгани учун қидирилмоқда. Рецидивист деб топилган Шерали Комилов (Detectiv Uz) 3 та ҳолатда фирибгарлик ва ҳақорат қилишда гумонланмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги икки блогер — Санжар Икромов ва Шерали Комилов қидирувга берилганига изоҳ берди. Бир кун аввал «Газета.uz» ва бошқа ОАВ томонидан бу ҳақдаги хабар эълон қилинганди.

Вазирлик хабарига кўра, 2011 йил 1 март куни Sanjar Xo’ja номи билан танилган Санжар Икромов (1988 йилда туғилган) фуқаро Ф.Х.га автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Сергели машина бозоридан арзон нархда Nexia олиб беришни ваъда қилган. У жабрланувчидан 20 млн сўм пулларини алдов йўли билан ундириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган, — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан 2012 йил 31 март куни Олмазор тумани ИИБ томонидан кўп миқдорда фирибгарлик (Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, гумондор эса терговдан яширингани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Шерали Комилов (Detectiv Uz) 2011 йилда Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 2022 йил 14 мартда Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) билан судланган.

«У тузатиш йўлига ўтмасдан, жиноий ҳаракатларини давом эттирди», — дейилади ИИВ хабарида.

Қайд этилишича, у 2021 йил 6 июнь куни фуқаро Ш. С.га (аёл) ўзини мустақил журналист ва блогер деб таништирган. Аёлнинг ўғли (1999 йил) Ш. А.га нисбатан Косон тумани жиноят ишлари судининг Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми «б» банди (Яқин қариндошига, собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ҳамда 137-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари (Вояга етмаган шахсга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб одам ўғирлаш) бўйича ҳукмини ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилишини айтган.

Блогер шу тариқа сунъий шов-шув кўтариб, суднинг кейинги инстанция қарорларига таъсир ўтказиб, жазони енгиллаштириб беришни ваъда қилган, ҳамда жабрланувчидан 5 млн сўм миқдорда пул ундириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган, дейилади хабарда.

ИИВ унинг 2021−2022 йилларда иштирокида яна учта фактни тақдим этди — 5 миллион сўм эвазига алимент ундиришга ёрдам бериш ваъдаси, 3 миллион сўм ва 300 доллар эвазига уй-жой масаласини ҳал қилиш, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали Қарши шаҳри ИИБ ходимларини «шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилиш».

Шерали Комиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик) ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

У жиноят ишлари доирасида хавфли рецидивист, деб топилиб, тергов органларидан яширингани сабабли қидирув эълон қилинган, деб хабар қилди ИИВ.

Шерали Камилов ўзининг телеграмдаги каналида жойлаган видеода эса асл воқеалар қандай бўлганлиги ҳақида гапириб берган. Бўлаётган воқеаларни таҳлил қилган адвокат ИИВни туҳмат қилаётганликда айблаган.


2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.