Еврофутболни қаерда кўрамиз? «Спорт» телеканали директори билан интервью

Улашиш:

Европада янги футбол мавсуми старт олиши арафасида ўзбекистонлик футбол мухлислари томонидан одатдагидек, сарлавҳадаги савол янграйди. Tribuna.uz кўҳна қитъа миллий чемпионатлари бошланишидан аввал юқоридаги саволга жавоб топишга интилди. Бу борада «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов билан суҳбатлашиб, топ-жамоалар иштирокидаги учрашувлар қайси телеканаллар орқали намойиш этилишига қизиқди.

МТРК телеканалларида қайси чемпионатлар намойиш этилади?

«Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримовнинг маълум қилишича, ўтган мавсумдагидек Европа миллий чемпионатларидан Италия А Серияси «Спорт» телеканали орқали намойиш этилади. Испания Ла Лигасини кўрсатиш бўйича музокара олиб борилмоқда. Шунингдек, УЕФА байроғи остидаги еврокубоклар ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига тегишли телеканаллар орқали кўрсатилиши кўзда тутилган.

«Янги мавсум олдидан Италия А Серияси, Италия кубоги, Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, Конференциялар лигасини намойиш этишни режалаштирганмиз. Шунингдек, қолган турнирлар бўйича ҳам ҳали гаплашяпмиз», - дейди «Спорт ТВ» директори.

«Франция чемпионати рейтинги жуда паст, ҳатто Эль-Класико ҳам катта аудитория йиғмаган»

Янги мавсумдан кучли бешлик чемпионатларидаги ўзбекистонлик футболчилар сони икки нафарга етди. Бунгача мухлислар Элдор Шомуродовнинг ўйинларини кутган бўлса, энди «Ланс» ўйинчисига айланган Абдуқодир Ҳусанов ортидан Франция чемпионати ҳам ўзбек аудиториясига қизиқиш уйғотиши табиий. Аммо «Спорт» телеканали ҳозирги имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бу турнирни намойиш эта олмаслиги маълум бўлди.

«Франция Лига 1 чемпионати – томошабоплиги бўйича рейтинги жуда паст. Бу турнирни кўрсатиш ниятимиз йўқ.

Бу лигада ўзбек футболчиси пайдо бўлгани вазиятни ўзгартирмайдими? Биласизми, Италия А Сериясини ҳам Шомуродов учун олгандик, очиғи, рейтинги паст. Испания чемпионатида ҳам рейтинг юқори эмас, ҳаттоки Эль-Класико ҳам катта аудитория йиғмаган. Қилинган харажатларни зўрға қоплаяпмиз, реклама келмаяпти жуда қийин бўляпти», - дейди Зоҳид Каримов.

Фото: Getty images

«А Серия билан Суперлига параллел тушиб қолса, шошиб қоляпмиз, барча ўйинларни дастурга сиғдириш қийин»

Телеканал директорининг таъкидлашича, кўҳна қитъада миллий чемпионатлар старт олгач, ўйинларни эфирга сиғдириш масаласида ҳам муаммолар юз бериб туради.

«Телеканалимиз орқали Осиё ўйинлари, Ўзбекистон Суперлигаси, кубок ўйинлари, турли ёш тоифадаги миллий жамоаларимиз қатнашадиган мусобақалар, Ўзбекистон мезбонлик қилаётган ҳалқаро турнирлар, аёллар футболи, теннис, оғир атлетика, ММА турнирлари, марафон, триатлон, енгил атлетика, хуллас ўзимизда бўладиган деярли барча мусобақаларни кўрсатяпмиз. Ишонасизми, ўзи Суперлига билан А Серия ўйинлари параллель тушса, шошиб қоляпмиз. Дастурлардан келиб чиққан ҳолда, шундай вазиятда аввалгидек, «Спорт» ТВдан ташқари, бошқа каналларда («Маҳалла», «Дунё бўйлаб» ва ҳоказо) ҳам ўйинлар намойиш этилиши мумкин».

«Саудия Арабистони чемпионати трансляцияси нархи жуда баланд, харажатни қоплашимизга кўзим етмади»

Ёзги трансфер ойнасида Саудия Арабистони клублари шов-шувли трансферларга қўл ургач, бу мамлакат чемпионатига нисбатан қизиқиш кескин ортди. Саудия Про лигаси аудитория бўйича кучли бешлик лигаларига ҳам рақобат уйғотиши мумкин. «Спорт» телеканали директори бу лига ўйинларини Ўзбекистонда намойиш этиш имкониятлари ҳақида гапирди.

«Саудия Арабистони чемпионатига пайдо бўлган қизиқишдан келиб чиқиб, Саудия Про лигасини намойиш этиш масаласини ўргандик. Аммо трансляция нархи жуда баланд бўлиб кетган. Харажатларимизни қоплашимизга кўзим етмади. Қолаверса, кўп ўйинлар параллел бўладиган, ҳаммасини сотиб олган тақдирда ҳам, кўрсатишда муаммога дуч келишимиз аниқ», - дейди у.

«Трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун бюджетдан маблағ ажратилмайди»

Ўзбекистон МТРК бюджетдан молиялаштирилса-да, ташкилот томонидан трансляциялар ҳуқуқини сотиб олиш учун алоҳида маблағ ажратилмайди.

«Аксарият одамлар кўп ҳам тушунмайди, ТВ-трансляцияларнинг ҳаммаси тижорат йўл билан топилган маблағга сотиб олинади. Бюджетдан мусобақа сотиб олишга бир сўм ҳам пул ажратилмайди. Яъни, спорт мусобақалари МТРКнинг реклама тушумларидан топган пуллар эвазига сотиб олинади. Ҳар ҳолда ҳозиргача шунақа бўлиб келган.

Шунинг учун қайсидир чемпионат ҳуқуқини сотиб олайлик, деб раҳбариятга кирсам, биринчи навбатда олдимга «Харажатини оқлай оласанми?» дея савол қўйилади. Фақатгина Олимпиада ва Осиё ўйинларида бу савол қатъий қўйилмайди. Менимча, сабаби тушунарли», - дейди телеканал расмийси.

«АПЛни Ўзбекистонда трансляция қилиш ҳуқуқи «Сетанта»да, улар ҳеч кимга сотмаяпти»

Бугун старт оладиган Англия Премьер-лигаси янги мавсумини ўзбекистонлик мухлислар ҳар қанча интиқлик билан кутишмасин, энг томошабоп лига бу йил ҳам очиқ телеканалларда кўрсатилмайди.

«Англия Премьер-лигасини Ўзбекистонда намойиш қилиш ҳуқуқи бу йил ҳам «Setanta Sports»да. Улар АПЛ трансляцияси ҳуқуқини бир неча йилга сотиб олган ва ҳеч кимга сотмаяпти.

Ишонинг, биз ҳам фақат зўрини кўрсатамиз деган ҳаракатдамиз, лекин ижтимоий, яъни тўловсиз кўриладиган телеканал учун бу жуда қийин. Шунга қарамай, имкон қадар ҳаракат қиляпмиз», - дея сўзини якунлади «Спорт» телеканали директори.

Маълумот ўрнида, кўпчилик мухлислар кутаётган Англия Премьер-лигаси ва Саудия Арабистони Про лигаси янги мавсум баҳсларини Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқини пулли телеканал саналмиш «Setanta Sports» қўлга киритган. АПЛ баҳслари телеканал расмий сайти ва бошқа платформалар орқали намойиш этилса, Саудия чемпионати Setantasports пулли онлайн платформасида кўрсатилади.

Усмон Ибодов суҳбатлашди

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.