“Роскосмос” 2025-2026 йилларда Ойга миссиясини такрорламоқчи. Бу ҳақда давлат корпорацияси хабар берди.
25 август куни “Роскосмос” бош директори Юрий Борисов “Луна-25” автоматик станциясининг етакчи ишлаб чиқарувчиси “Лавочкина” бирлашмасида ишчи учрашув ўтказди.
Юрий Борисовга кўра, “Луна-25” нинг тугалланмаган миссияси Ойни тадқиқ қилиш истиқболларини тўхтатиб қўймайди.
Қайд этилишича, дастурни давом эттириш вариантларидан бири 2025-2026 йилларда Ойнинг жанубий қутбига қўниш миссиясини такрорлаш имконияти бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Амур вилоятидаги “Восточний” космодромидан учирилган “Луна-25” автоматик станцияси замонавий Россия тарихидаги биринчи ой миссияси бўлди. 17 август куни станция ойнинг нариги томонининг илк суратларини олди. Аммо шундан сўнг станция Ой билан тўқнашиб, ўз фаолиятини тўхтатди.