Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар йўналишида давлат гранти учун ўтиш бали 205,2 баллни ташкил этган.
Сўнгги кунларнинг энг шов-шувли муҳокамаси бу мандат чиққач, юқори балл тўплаб ҳам контрактга “илинган”лар масаласи бўлди. Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар йўналишида давлат гранти учун ўтиш бали 205,2 баллни ташкил этган. Натижада ўз кучи билан, ҳеч қандай имтиёзсиз 189 балл олган бир неча абитуриент контрактга кирган. Аслида 189 балл тўплаган абитуриент тест синовларидаги барча саволларга тўғри жавоб берганидан далолат. Лекин афсуски... Ушбу масалада биз масъулларга мурожаат қилдик.
“Темурбеклар” мактаби битирувчиларига берилган имтиёз туфайли 189 балл олган абитуриентлар контрактга тушиб қолган. 189 балл тўплаганларнинг 3 нафари қиз бола улар фақат қиз бола бўлгани учунгина контрактда ўқийдими?
Мажид КАРИМОВ, Билим ва малакани баҳолаш агентлиги директори:
—189 энг максимал балл. Бу баллни олган абитуриент эътибордан четда қолмайди. Бу масалани давлат комиссияси ҳам кўради. Агар 189 балл олиб ҳам контрактга кирса, бу жуда катта муаммо. Ўрганилади ва “Темурбеклар” мактаби ҳам алоҳида қўшимча квота параметрга киритилар. Албатта давлат комиссияси томонидан таҳлил қилиниб, маълум чора-тадбирлар кўрилади. Юқори балл олиб қизларимиз қандайдир ноҳақликка учради, дегани эмас. Бу масалани давлат комиссиясига таклиф ва тавсия сифатида киритамиз.
Аввалроқ бу саволга “Бу масала ҳал қилиш бизнинг ваколатимизда эмас” деб жавоб берган маъсулларимиз кейин “ушбу масала таҳлил қилиниб, маълум чора-тадбирлар кўрилишини” таъкидлашди. Шундай экан, биз ушбу “чора-тадбирлар” натижасини алоҳида кузатамиз ва 189 балл тўплаб контрактга “илинганлар”нинг тақдири мавзусига яна қайтамиз.
Шу ўринда яна бир мавзуга оид савол кўпчилик талабаларни қизиқтираётгани шубҳасиз. Яъни контракт миқдори ошганда, стипендия миқдори нега ўзгаришсиз қолади? Контрактга яраша стипендия миқдори ҳам ошиши керакмасми?
Шерзод НЕЪМАТОВ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Охирги 3 йилда контракт миқдорлари ўзгаришсиз сақланди. Пандемия муносабати билан ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, тўловчанлик қобилияти тушиб кетганлиги сабабли ўзгармади. Талабаларнинг стипендиялари миқдорлари, пенсия, ойлик иш ҳақи бир бирига дифференциал боғлиқ. Мавжуд нормаларга қараб Иқтисодиёт ва молия вазирлигида кўриб чиқилади. Ижтимоий ҳимоя мақсадида турли хил университетларнинг индивидуал ўзи учун ёки номдор стипендиялар жорий қилинган. Лекин барча учун умумий характерга эга стипендия миқдори давлат томонидан бир йилда бир марта, аксарият ҳолларда икки марта оширилиб борилади.