Айни кунга қадар Жиззах вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган Бахмал, Ғаллаорол ва Фориш туманларида ногиронлиги бўлган ёшларнинг муаммолари уйма-уй юрилган ҳолда ўрганиб чиқилди. Аниқланган муаммолар ёшларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бартараф этилмоқда. Мустақиллик байрами арафасида Фориш туманида яшовчи оилага қувонч улашилиб, уй-жойи солиқчилар томонидан таъмирлаб берилди.
Тўйди Сувонова Фориш туманидаги Михин қишлоғида яшайди. Оиласининг асосий даромади кичкинагина томорқадаги узумдан. Қолаверса турмуш ўртоғи билан оладиган пенсияси ҳамда бир нафар ногирон қизининг нафақасидан иборат. Қўшимча тарзда қўшниларнинг чорвасини боқиш ҳисобига олинаётган арзимас маблағ рўзғордан ва фарзандини даволатишдан ортмайди. Кўпчилик қатори 3 йилдирки узумзордан кўзланган ҳосилни ҳам йиғиштира олишгани йўқ.
Даромадининг етарли бўлмаслигининг яна бир сабаби турмушга чиққунига қадар кенжа фарзанд бўлган Тўйди Сувонова кекса ота-онасига қараб, фақатгина мактаб таълими билан чекланган. Кексаларнинг вафотидан кейин 4 нафар опаси турмушга чиқиб кетган ва уй кенжа қиз Тўйди Сувоновага қолган. Мерос бўлиб қолган уйда турмуш ўртоғи билан 1 ўғил ва 1 қизни дунёга келтиришди. Умри қисқалиги сабабли ўғил фарзандини тупроққа топширди. Камига шифокорларнинг нотўғри муолажасидан кейин қизи Кумуш болаликдан ногирон бўлиб қолди. Ҳозирда уни даволатишнинг имкони йўқ. Оиланинг топаётган даромади кундалик еб-ичиш ва фарзанднинг дори-дармонидан ортмаганлиги туфайли хароба уйда яшашга мажбур бўлишди.
Айни кунларда маҳалла даражасида - ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлаш, уларни доимий қўллаб-қувватлаш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш бўйича Жиззах вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов бошчилигида солиқ ходимлари ҳам Бахмал, Ғаллаорол ва Фориш туманларидаги ногиронлиги бўлган ёшларнинг оилаларига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганишди. Эҳтиёжлари ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг масалаларига ижобий ечим топишда кўмаклашилмоқда.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ногиронлиги бўлган Кумуш Бобобекова яшайдиган уйга борганда асосий муаммо уй-жойни таъмирлаш эканлиги аниқланди. Қисқа вақтда барча ҳисоб-китоблар олиниб, зарур қурилиш ашёлари келтириб берилди. Анчагина хароб ҳолатда бўлган уй бир ой ичида бутунлай янги кўринишга келтирилди. Таъмирлаш ишларидан сўнг хонадон эгалари ўзларининг қувончларини яшира олишмади.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Форишнинг олис қишлоғидаги яна оилага қувонч улашилди. Ушбу оила эндиликда ҳамма шароитларга эга тоза-озода хонадонда истиқомат қилади. Бу каби савобли ишлар давом этмоқда.
Ҳакимжон Фозилов
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи