Биз нимани тўғри деб ҳисобласак, шуни қиламиз. Толибон Қўштепа каналини қуриш тўғрисида баёнот берган

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда Қўштепа каналини ишга тушириш Марказий Осиё мамлакатларидаги сув мувозанатини тубдан ўзгартириб, Ўзбекистонда сув танқислигини кучайтиради, деган хавотирни билдирган. Толибон бунга жавобан улар ҳеч қандай мажбурият олмаганликларини ва шунинг учун хоҳлаганини қилишларини таъкидлаган. Бу ҳақда Афғонистоннинг TOLOnews нашри хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2022 йилда Афғонистоннинг шимолида Амударёдан сув олиш учун Қўштепа суғориш канали қурилиши бошланган эди. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси (ХОҚЖ) таъсисчи давлатлар раҳбарлари Кенгашининг йиғилишида канални ишга тушириш Марказий Осиёдаги сув мувозанатини тубдан ўзгартиради, деган хавотирларни билдирган. Чунки, давлатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнининг бошқа мамлакатлар билан мажбурияти бўлмаган янги иштирокчиси пайдо бўлган. Шунинг учун Мирзиёев каналнинг Амударё сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишни ва Афғонистонни сувдан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган.

Бунга жавобан, Толибон Сув энергетикаси вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Абдул-Латиф Мансурнинг шундай деган: "Агарда шартнома бўйича мажбуриятлар бузилганда эди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Амударё сувлари ва Қўштепа канали бўйича хавотирлари ўринли бўлар эди. Аммо бу ҳолда биз ҳеч қандай мажбурият олганимиз йўқ. Шартнома йўқ. Шунинг учун нимани тўғри деб ҳисобласак, шуни қиламиз..."

Германияда яшовчи афғонистонлик муҳандис, сув бўйича мутахассис Нажибуллоҳ Садид Абдул-Латиф Мансурнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаган.

"Афғонистон Амударё сувидан фойдаланишнинг мутлақ ҳуқуқига эга, чунки Толибон бу дарё сувининг 27-30 фоизига эгалик қилади", - деди у.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.