Сиёсатшунос “Қўштепа” канали бўйича Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатлари ҳақида гапирди

Улашиш:

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов 17 июл куни Тошкентда бўлиб ўтган китоб тақдимотларидан бирида чиқиш қилиб, “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа канали ва бу борада Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган музокаралар ҳақида гапирди.

Қўштепа канали қурилиши Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо. Афғон халқининг Амударё сувидан фойдалана бошлаши эҳтимоли анчадан буён бор эди. Бу шунчаки ҳозирги даврга тўғри келиб қолди. Ҳа, Амударё сувида афғон халқининг ҳам ҳақи бор. Чунки трансчегаравий дарёлар бир мамлакатга тегишли бўлмайди. Ундан ҳамма фойдаланиши мумкин. Бир вақтлар биз ҳам Тожикистондан шуни сўраганмиз.

Бу ерда “Толибон” билан боғлиқ бир муаммо борки, Трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича халқаро конвенцияни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон имзоламаган. Боз устига “Толибон” ҳукуматини ҳали ҳеч бир мамлакат тан олмаган. Лекин яна қайтараман, Амударёдан сув олишга афғон халқининг ҳам ҳақи бор.

Бу вазиятда биз учун яна бир хавфли жараён пайдо бўлади. Бу Амударё сувининг катта қисми Афғонистон томонга ўтиб кетиши, шунингдек, қурилаётган каналнинг чўл ҳудудидан ўтгани, яъни канал бетондан қурилмаяпти, у шунчаки оч ҳудуддан очиқ канал қилиб олиб ўтилмоқда.

Баъзида Ўзбекистоннинг “Толибон” билан ҳозирги алоқалари пассив сиёсат сифатида баҳоланмоқда. Аммо мен Ўзбекистон олиб бораётган мулоқотларни бундай атамаган бўлардим. Чунки музокаралар давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг Афғонистонга ташрифи давомида қурилаётган каналнинг техник масалалари, жумладан, сувни исроф қилмаслик масаласи муҳокама қилинган. Бу пассивлик эмас”, – деди сиёсатшунос.

Тошкент давлат Шарқшунослик университети доцентига кўра, шу йил май ойида “Толибон” ва Эрон ўртасида Ҳилманд дарёси суви учун бўлган қуролли тўқнашувлар муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор исботлаган.

“Толибон”нинг Эрон билан Ҳилманд дарёси суви учун бўлган келишмовчилигини кузатган бўлсангиз, бу орқали тўғридан тўғри уруш очилиб кетди. Яъни “Толибон”нинг маълум бир қатлами Эрондек давлатга уруш очди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда тўғри йўл танлаганини шундан ҳам билиш мумкин. Агар биз канал қурилишига қарши бўлсаг-у, буни айтишнинг кескин усулини танласак, ўртада қуролли тўқнашувлар келиб чиқиши мумкин. Ўзбекистоннинг дипломатик йўли тўғри йўл деб ҳисоблайман.

Яна бир нарсани унутмаслик керак, “Толибон”нинг ортида катта кучлар турибди. “Толибон” бундай қудратга ўз-ўзидан келиб қолмади. Улар бу ҳудудда шундай кучни бекорга ташлаб кетмади. Нима учун уни Хитой, Покистон ёки Россия ёки Эрон сингари давлатлар ҳалигача тан омаяпти? Бу кўпчилик учун бошоғриги бўладиган масала”, – деди Бўронов.

Сиёсатшунос тадбир давомида шунингдек, Ўзбекистоннинг “Толибон”га қандай таъсир чоралари борлиги ҳақида берилган қўшимча саволга ҳам жавоб берди. Унга кўра, Тошкентда бундай чоралар бир нечта.

“Хўш, бизда “Толибон”га таъсир кўрсатишнинг қандай йўллари бор? Бу борада яхши йўл танланди. Бизда 2011 йилда фойдаланишга топширилган Ҳайратон – Мозори Шарифдан ўтадиган темирйўл бор. Ҳозир Афғонистон гуманитар инқироз ёқасида. 50 фоиз инсон очликда яшамоқда. Дунёнинг Афғонистонга юбориладиган асосий ёрдами эса айни шу бизнинг ҳудуддан, темирйўл орқали ўтмоқда. Эсингизда бўлса, канал муаммоси кўтариларкан, ўша темирйўлдаги қатнов бирданига тўхтаб қолди. Бироз ўтиб энди “Толибон” музокаралар учун Ўзбекистонга келди.

Электр энергия таъминоти масаласи ҳам бор. Кўпчилик Афғонистонга электр энергияси берилиши нотўғри эканини айтади. Бу ерда масаланинг сиёсий жиҳатлари бор. Бу маънода Афғонистоннинг бизга боғлиқлиги катта. Агар биз таъминотни тўхтатадиган бўлсак, бутун Кобул электрсиз қолади. Бу узоқни ўйланган сиёсат. Шунингдек, биз электрни Афғонистонга текинга бераётганимиз йўқ. Савдо 50/50 ҳисобида бўлган. Масаланинг бу томонлари ҳам бор.

Ҳа, Қўштепа биз учун катта муаммо, лекин энди бор эътиборни сувни тўғри тақсимлаш масалаларига қаратишимиз керак. Бошқа иложимиз йўқ. Улар 2026 йилга бориб “Қўштепа” канали қурилишини тўла тугалламоқчи. Ҳозирга келиб каналнинг 105 километри қуриб битказилди”, – деди сиёсатшунос Суҳроб Бўронов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.