30 сентябр куни 4 нафар ўзбекистонлик боксчи Осиё ўйинлари доирасида рингга кўтарилди.
Дастлаб -57 кг вазн тоифасида Абдумалик Ҳалоков ва вьетнамлик Ван Дуонг Нгуен ўртасида баҳс бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков чорак финал масаласини ижобий ҳал қилди. Саралашнинг иккинчи босқичида ветнамлик Дуонг Нгуен билан жанг қилган Халоков 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби Карло Палам (Филиппин) бўлади.
Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси Нигина Ўктамова эса Осиё ўйинларининг ярим финалига йўл олди. -54 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз ушбу босқичга йўл олиш билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига ҳам эга чиқди. Ўктамова чорак финал жангида япониялик Ринка Киношитадан устун келди.
Яна бир ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Асадхўжа Мўйдинхўжаев Осиё ўйинларидаги иштирокини якунлашга мажбур бўлди.
-71 кг вазн тоифасининг қуръаси икки жаҳон чемпионларини чорак финалда ўзаро тўқнаш келтирди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳамда қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов ўртасидаги баҳс рақиб спортчининг ғалабаси билан якунига етди.
Баҳодир Жалоловдан эса ишончли ғалаба. Чорак финалдан баҳсларга қўшилган ҳамюртимиз 2 раунд давом этган жангда тожикистонлик Муҳаммад Аброриддинов устидан ишончли ғалабага эришди.