ЖЧда олтинчи кун йўқотишларсиз ўтди. Ўзбекистон жамоасининг 13 вакилидан 9 нафари курашни давом эттирмоқда

Улашиш:

Сербияда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг 30 октябрь кунги баҳсларида тўрт нафар боксчи рингга чиқди.

Дастлаб Нодиржон Мирзаҳмедов (-48 кг) ва Одилжон Аслонов (-80 кг) ирландиялик ва италиялик рақибларини енгиб, мос равишда чорак финал ва нимчорак финалга йўл олганди.

Кечки дастурда яна икки ўзбекистонлик - Мужибилло Турсунов (-63,5 кг) ва Саиджамшид Жаъфаров (-75 кг) 1/16 финал доирасида рингга чиқди.

Мужибилло Турсунов япониялик Тайга Иманагага қарши рингга чиқди. Ҳар учала раундда ҳам фаол ҳаракат қилган Турсунов якунда рақибидан 5:0 ҳисобида устун келди ва нимчорак финал йўлланмасини нақд қилди.

Саиджамшид Жаъфаров ҳам япониялик Юито Мариваки билан жанг қилди. Уч раунд давомида тўлиқ устунлик қилган Саиджамшид якунда рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 1/8 финалга ўтди. Кейинги босқичда унга озарбойжонлик Козимжода Миршариф рақиблик қилади. Жанг 1 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Бу Жаъфаровнинг турнирдаги иккинчи жанги эди, у 1/32 финал доирасида словакиялик Лукас Фернэтсани мағлуб этиб, 1/16 финалга йўл олганди.

Шу тариқа, 30 октябрь куни рингга кўтарилган барча ўзбекистонлик боксчилар ғалаба қозонди.

Маълумот учун, Ўзбекистон бокс жамоаси турнирга 13 нафар боксчи билан йўл олганди. Ҳасанбой Дўсматов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Миразизбек Мирзахалилов ва Шаҳрам Ғиёсов мусобақани эрта тарк этди.

Одилжон Аслонов, Нодиржон Мирзаҳмедов, Мужибилло Турсунов ва Саиджамшид Жаъфаровдан ташқари, Асадхўжа Мўйдинхўжаев (иккита жанг), Лазизбек Муллажонов, Шаҳобиддин Зоиров, Мадияр Саидраҳимов ва Абдумалик Ҳалоков ўз жангларида ғалаба қозониб, иштирокини давом эттирмоқда. 

31 октябрь куни ЖЧда жанг ўтказадиган ўзбекистонлик боксчилар (барчаси нимчорак финал):

-54 кг: Шаҳобиддин Зоиров - Томоя Цубои (Япония) (17:00)

+92 кг: Лазизбек Мулложонов - Делисиус Орье (Англия) (19:40дан сўнг)

-60 кг: Абдумалик Ҳалоков - Тадей Чернога (Словения) (22:10дан сўнг)

-92 кг: Мадияр Саидраҳимов - Аибек Оралбай (Қозоғистон) (00:40дан сўнг)

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.