Бундан 100 йил аввал бошқача ифторлик қилишган

Улашиш:

Ўз ташрифи билан кўнгилларни сурурга тўлдирган Рамазон ойи давом этмоқда. Бу ойдан асил мурод - Аллоҳнинг буйруғини бажариш ва унинг ризосини топиш бўлсада, рўза воситасида бошқа мақсадлари ҳосил бўлишини истаганлар ҳам бор, албатта.

AzonTV “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф” жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва тиббиёт фанлари доктори Олимжон Ғуломов суҳбат ўтказилди. Унда рўзанинг танамиз ва руҳимизга таъсири ҳақида фикрлар билдирилди.

- Рамазонни нафсни тарбиялаш ойи деймиз. Рўзани Аллоҳ буюргани, у фарзлиги учун тутсак ҳам, саломатликка фойдасидан ҳам яхши умид қиламиз, дейди кўрсатув бошловчиси Нўъмон Абдулмажид.  – Лекин Рамазондан чиққанимизда негадир вазн орттириб олганимизни сезамиз. Озиб соғломлашиш ўрнига, вазнимизга вазн қўшилиб қолган бўлади. Бунинг сабаби нимада?

  • Бунга сабаб - меъёр ушланмагани бўлади, дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. – Тушликда емаган таомининг ҳиссасини чиқариш учун ифторлик пайтида икки баравар кўп овқат еб олинади чунки. Устозимиз, шайх ҳазратлари айтардилар, "Рамазонда овқатланишни икки маҳалга тушириш керак”, дердилар. Нонуштадаги каби саҳарлик қилсин, кечки пайт сингари ифторлик қилсин! Тушлик ўртадан олиб ташлансин. Шунда вазн ва бошқа жиҳатларда мезон бузилмайди, билъакс, ортиқча вазн кетади.
  • Рўзанинг соғлиққа фойдаларидан бири – одам жисмидаги мувозанатни тўғирлаб олади. Чунки ортиқча овқат ёғга айланиб, баданда захира учун тўпланади. Рўза пайтида жисм ўша ортиқча нарсаларни сўриб олиб, сарф қилади. Ҳатто кичик ўсимтачалар ҳам сўрилиб, йўқолиб кетиши амалда кўрилган. Лекин бунинг учун таомланиш миқдори бошқа ойларга нисбатан камайиши керак. Бошқа ойларда 3 кило овқат еган бўлса, рўзада 5 кило қилиб еса, мақсад ҳосил бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳарлик ва ифторликда нима еганларига қизиқсангиз, “бунга биз тоқат қилолмасак керак” деб ўйлайсиз. Тўғри, пайғамбар алайҳиссаломда ирода ҳам, руҳий қувват ҳам баланд бўлган. Бир ҳикмат бор: инсонда руҳий қувват кучли бўлса, у ҳатто озуқанинг ўрнини ҳам босади.

Баъзи уламоларимиз айтганлар, аввалги устозлар зикр қилишганида бу овқат ўрнини босган. Ҳатто қамоқдан ҳам икки юзлари қип-қизил бўлиб чиқиб келишган. Бу албатта зикрнинг қуввати билан бўлган. Тўғри энди бу юқори комиллик даражаси.

Демоқчимизки, инсон Рамазонда “жисмим оч қолиб кетармикин”, деб ваҳимага тушмаслиги керак. Инсон танаси кўп нарсаларга дош беради.

Энг ёмони - ифторликда кўпчилик кўп овқат еб олади. Кейин бетоқат бўлишни бошлайди. Таровеҳга чиққанида таҳорат олиш учун чиқиб кетаверади. Ёки қиёмда тура олмай бетоқат бўлаверади. Ҳаммасига ўша ифторликда ейилган ортиқча овқат сабаб.

Яна бир нарсани унутмаслигимиз керакки, бундан 100 йилча олдин, оғизни очишганда, хурмо ёки сув билан, ёки мева билан оғиз очишиб, кейин дарров туриб, шом намозини ўқишган. Шомни ўқиб келиб, кейин бемалол ўтириб ифторлик қилишган. Демак, тиббий жиҳатдан зарур 10 дақиқалик танаффусга риоя этилган.

Лекин ҳозир ифторликларда дастурхонни устида жамланамиз. Мен таклиф қилардимки, жойнамозни устида жамланиш керак. Чунки ифтордан аввалги соат - дуолар ва зикрлар қабул қилинадиган пайт. Оғиз очадиган пайтда сув ва хурмо тарқатилса, бир дуо қилиб, озгина хурмо еб, сувни ичиб олсак, кейин дарров туриб такбирни айтиб шомни ўқиб, кейин ифторлик қилсак, янада қулай бўлса керак, деб ўйлайман. 100 йилча олдин шундай тартибда оғиз очишган экан. Кейин баъзи уламолар бошқа фикрни айтишган.

“Одамлар қорни очлиги учун бетоқат бўлиб, хушуъсиз намоз ўқияпти. Озгина овқатланиб, кейин ўқилса тузук экан” деган қарорга келишган. Бу гапни Шомий домла айтган. Эҳтимол у кишининг даврида бошқача вазият бўлгандир. Шомий домланинг айтишича, суннатга кўра, Расули акрам, оғиз очгандан кейин ул-бул еб олиб, кейин шомни ўқиганлар. Биз эса шу жиҳатни кучайтириб, мастава ва сомсани ҳам қўшиб қўйганмиз. Шуни камайтиришимиз керак.

Саҳобаларнинг айтишича Расули акрам бир неча хурмо билан саҳарлик қилар эканлар. Ифторликлари эса озгина сув ва бир тишлам нондан иборат бўлган. Агар биз шунга эътибор берадиган бўлсак, бемалол сув ичиб, хурмодан дил тортганча еб, нафсни қондириб олсак бўлади. Кейин туриб шомни ўқисак, ундан кейин дастурхон атрофига ўтирсак, ниҳоятда яхши тартибга тушамиз, менимча, дейди “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф” жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.