Бахмалда уч авлод учрашуви бўлиб ўтди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги “Мўғол” маҳалласида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Бахмал тумани “Мўғол” маҳалласидаги фаолияти айни шу мезонлар асосида амалга оширилаяпти. Бу "Ободлик хонадондан бошланади", "Ободлик кўнгилдан бошланади", деган қадим ҳақиқатнинг реал ҳаётимиздаги яна бир исботидир.

Президент Халқ қабулхонаси, вазирликлар, қўмиталар ва вилоят секторлари масъулларининг “Мўғол” маҳалласидаги ўрганишлари натижасида 105 км. Йўллардан умумфойдаланувдаги 65 км. кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Янги ташкил этилган ўнга яқин тупроқ кўчалар тош йўлга айлантирилмоқда.

Ҳудуддаги 2150 та эскирган симёғочларнинг 1600 тасини бетон устунларга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлаклар таъмирланиб, пиёдалар ҳаракатланиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Таълим ва тиббиёт муассасаларини, МФЙ биносини таъмирлаш, ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратишга эътибор қаратиляпти.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда асосан юрак-қон томир, асаб касалликлари ва ортиқча вазн билан боғлиқ хасталиклар аниқлангани боис шифокорлар беморларни даволаш билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича аҳолига етарлича тушунча-ю амалий ёрдам ҳам беряпти. Беморлар бепул дори-дармонлар, ногиронлиги бор инсонлар реабилитация воситалари билан таъминланяпти.

Нуронийлар, ўрта авлод ва ёшлар вакиллари иштирокида ташкил этилган “Уч авлод” мулоқоти авлодлар ўртасидаги маънавий риштани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади дейиш мумкин. Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда сўз олган республика ишчи гуруҳи вакили Улуғбек Муҳаммадиев, туман ҳокими Муса Анарбаевлар сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, уларни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янада фаол бўлишга чақирдилар.

Шунингдек, ҳудудда туғилиб вояга етган ва мамлакатимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилган мўғоллик инсонлар ҳақида гапирилиб, уларнинг авлодлари муносиб издош сифатида юртимиз равнақига ҳисса қўшиш лозимлиги эслатиб ўтилди. Миллий қадриятлар ва анъаналарга содиқ қолган ҳолда уч авлод вакиллари бирлашиб, хайрли ишларга қўл урилса, ривожланиш бўлиши ҳамда ватан равнақ топиши таъкидланди.

Ҳудудда бошланган "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" дастури бошлангандан буён ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган маҳалла фаоллари ва нуронийларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди. Фаол ва интилувчан ёшларга эса бадиий адабиётлар тўплами топширилди.

Шундан сўнг, ўтган давр мобайнида ҳудудда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тарзида қисқача видеоролик намойиш этилди. Туман маданият бўлими ҳамда вилоят санъаткорларининг куй-қўшиқлари йиғилганларга хушкайфият улашди. Таклиф этилганларга миллий таом палов улашилди. Нуронийлар бошланган хайрли ишлар бардавом бўлишини тилаб қўлларини дуога очдилар. 

Қисқа муддатда ички имкониятлар ҳисобидан Бахмалнинг Мўғол маҳалласида ҳам “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий қилиниб, мазкур қишлоқ ҳар жабҳада энг намунавий, обод, гўзал ҳудудга айлантирилади. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур маҳалла туризм маскани сифатида эътироф этилмоқда. Ҳудуд аҳолисининг асосий машғулоти чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришдан иборат. Туман вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор  ҳудудида жойлашган. 

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.