Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Кобулга борди

Улашиш:

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Кобулга борди. Меҳмонларни Толибон ҳукуматининг Савдо ишлари вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий кутиб олган.

«Спутник Афғонистон» нашрига кўра, Хўжаевга 45 нафар вакил ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация таркиби Ўзбекистон Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, кончилик ва геология вазири Бобир Исломов, тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, шунингдек яна турли тузилмалар раҳбарлари ва тадбиркорлардан иборат.

Толибон ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Барадар Охунднинг маълум қилишича, бу ташрифда икки томон ўртасида савдо, транзит ва иқтисодий алоқалардан ташқари, темир йўл, транспорт, Афғонистондаги конларни техник қазиб олиш, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Мулла Абдул Ғани Барадар Охунд ўз нутқида Афғонистон ва Ўзбекистон тарих давомида икки яхши қўшни давлат бўлишгани ва улар доимо хавфсизликда бўлганини таъкидлаган.

У, шунингдек, Афғонистон Марказий Осиё давлатлари билан савдо ва транзит мақсадида Ўзбекистон йўлларидан кўпроқ фойдаланаётганини айтиб, Ўзбекистон томонидан Афғонистон юклари учун транзит тўловини арзонлатишни сўраган.

«Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида мувозанатли савдо балансига эга бўлиши учун Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти сезиларли даражада ошиши кутилади ва шу муносабат билан Ўзбекистон Афғонистон учун махсус имтиёзли тарифларни кўриб чиқиши керак», – дейди Мулла Барадар.

Жамшид Хўжаев ўз навбатида, Ўзбекистон Афғонистон билан қишлоқ хўжалиги, транспорт, темир йўл, савдо, транзит, сув хўжалиги ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

Учрашув сўнгида Мулла Абдул Ғани Барадар Охунд Ўзбекистонга Ҳиротдаги зилзила қурбонларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва икки давлат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.