АҚШ Савдо вазирлиги "Россия қуролли кучларини қўллаб-қувватлагани" учун ўзбекистонлик компанияга қарши экспорт чекловларини жорий этди

Улашиш:

АҚШ Савдо вазирлиги ўзбекистонлик компанияга, шунингдек, Россиядан 12 та тузилмага нисбатан экспорт чекловларини жорий этган. Бу Федерал реестр – Америка ҳукуматининг расмий ҳужжатлар тўпламида жойлаштирилган хабарномада кўрсатилган. Бу ҳақда ТАСС маълум қилмоқда.

Хабардан маълум бўлишича, АҚШ Савдо вазирлиги таркибига кирувчи саноат ва хавфсизлик Бюроси "13 та тузилмани қора рўйхатга киритмоқда". Улар орасидан 12 таси Россия Федерациясида, 1 таси Ўзбекистонда жойлашган.

Вазирлик тахминига кўра, ушбу тузилмалар "Россия қуролли кучларини Россия учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш, ишлаб чиқиш ва тарқатиш орқали қўллаб-қувватламоқда".

АҚШ Савдо вазирлиги таъкидлашича, гап "Америка Қўшма Штатларининг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати манфаатларига зид бўлган ҳаракатлар" ҳақида кетмоқда.

Ҳужжатга кўра, рўйхатга Россиянинг қуйидаги компаниялари киритилган: "Аэроскан", "Альфакомпонент", "БИК-Информ", "Хартис ДВ", ID Solution, ОМП, "ОрелМеталлПолимер", СПЭЛ, "СпецТехноТрейд", НТЦ "Орион", "Виндэк" Техника маркази ва ZALA Aero Group. Бундан ташқари, чекловлар Ўзбекистонда жойлашган Mvizionга нисбатан ҳам қўлланилади.

Жорий қилинаётган чекловлар натижасида етказиб берувчилар АҚШ савдо вазирлигининг санкциялари остида бўлган юридик шахсларга Америка товарларини махсус лицензия олмасдан юбора олмайдилар. Шу билан бирга, лицензияланган аризаларни кўриб чиқишда "рад этиш презумпцияси" амал қилади, яъни, эҳтимол, бундай аризалар рад этилаверади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.