Жиззах шаҳридаги саноат зонаси ҳудудига 8000 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг (Бизнес омбудсман) Жиззах вилояти шўъбаси ходимлари, “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ҳамда Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида  шаҳар ҳудудидаги йўл четларига ҳамда корхона атрофида бўш турган ер майдонларни ободонлаштириб яшил боғ барпо этишга ҳисса қўшмоқда. 

Хусусан, Жиззах шаҳар А саноат ҳудудидаги ишчи-ходимлар йўл ёқаси ҳамда бўш турган майдонларга 6 минг тупдан ортиқ павлония, каталпа дарахтлари кўчатларини экишга муваффақ бўлди. Шунингдек, шаҳардаги аккумулятор ва қўрғошин ишлаб чиқариш заводининг ишчи-ходимлари ҳам икки кунлик тадбирда кузнинг ёмғирли ҳавосига қарамай, корхонанинг 10 сотих бўш турган ер майдонига 120 туп арча кўчати экди.  

Ушбу ҳудудда ўз фаолиятини олиб бораётган “SOFITEL” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг ишчи-ходимлари ҳам кўкаламзорлаштириш ишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Улар корхонанинг ташқи томонида фойдаланилмай келинаётган ер майдонига 2 минг туп манзарали арча кўчатини ўтқазишди.  

Лойиҳа доирасида дарахт экиш ишлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.