Тадбиркорларга кредитлар фақат электрон платформа орқали ажратилади

Улашиш:

Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашнинг ягона тизими жорий этилади. Шунингдек, тадбиркорларга бизнесдаги хатарларни ҳисоблаш ва олдини олиш ўргатилади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг ягона тизими жорий этилмоқда. Бу мамлакатда ишбилармонлик фаолиятини янада ривожлантириш учун амалга оширилади.

"Республика тадбиркорларини қизиқтирган масалалардан бири - кредит олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқишнинг шаффофлигини таъминлашдир, шунинг учун кредит ажратишнинг барча босқичларини рақамли шаклда ва электрон платформаларда амалга оширадиган тизим жорий этилмоқда", – дея тушунтирди Ўзбекистон бизнес Омбудсмани матбуот-котиби Гулжамол Шукурова.

Бундан ташқари, республика тадбиркорларларига молиявий саводхонлик, бизнесдаги хатарларни ҳисоблаш ва олдини олиш ўргатилади. Бунинг учун мамлакатнинг барча ҳудудларидаги кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш Марказларида қисқа ва ўрта муддатли амалий курслар ташкил этилган. Дастур иштирокчиларига бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишда ёрдам берилади, лойиҳалар кейинчалик экспертлар гуруҳи олдида ҳимоя қилиниши керак.

Шунингдек, Шукурованинг таъкидлашича, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси тадбиркорликни ривожлантириш Компаниясига айлантирилган. У акциядорлик жамияти шаклида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги муассислигида фаолият кўрсатади.

Компания ишбилармонларга қўшимча ёрдам воситаларини жорий қилади ва халқаро капитал бозоридан молиявий ресурсларни, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.