Бахмалда ер назорати бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда

Улашиш:

Ер инсоният учун берилган бебаҳо мерос, ҳаёт манбаидир. Кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш устувор вазифалардан бирига айланганининг боиси ҳам шундан.

Аммо ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш каби йиллар давомида сақланиб келаётган камчиликлар бор. 

Жорий йилнинг ортда қолган ўн бир ой давомида Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси Бахмал туман бўлими инспекторлари томонидан ер назорати тизимида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида жами 181 та ҳолатда 90,4 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларининг 148 та ҳолатда 58,6 гектари ер фондининг қишлоқ хўжалиги тоифаси, 15 та ҳолатда 11,2 гектари аҳоли пункти, 4 та ҳолатда 0.75 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган, 14 та ҳолатда эса 19,8 гектари захира ерлар ҳисобига тўғри келади.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича туман инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарларнинг барчасига огоҳлантириш хатлари берилган. Шундан 151 та ҳолат жойида ихтиёрий бартараф этилиб, ер участкаси ўз холига қайтарилган. 29 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалар киритилган бўлса, 1 та ҳолат бўйича қўшма тартиб асосида прокуратура органларига маълумотлар киритилди.

Фактларга мурожаат қилсак: тумандаги Навбахор МФЙ, Дўсмат қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Муродов томонидан Гулбулоқ массиви ҳудуди 301-контурдан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан 40 м квадрат ўлчамда савдо дўкони қуриб олганлиги аниқланди. Фуқаро Қ.Муродовга ноқонуний қурилмани ўз хоҳишига кўра бузиб ташлаш кераклиги, акс ҳолда ноқонуний қурилма мажбурий тартибда бузилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш хати берилди. Шундан сўнг фуқаро Қ. Муродов томонидан ноқонуний қурилма ихтиёрий равишда бузиб ташланди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 2023-йилнинг ортда қолган ўн бир ойи мобайнида 236 та ҳуқуқбузарга (15 та 60-модда 2-қисми, 30 та 60-модда 3-қисми, 21 та 68-модда 1-қисми, 170 та 68 прим 1-модда) нисбатан жами 1 млрд. 367 млн. 910 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди. Қўлланилган жарималарнинг 176 тасидан 298 млн. 290 минг сўм қисми кадастр органлари томонидан (амалдаги тартиб бўйича 15 кунлик муддатда тўловни амалга оширган ҳуқуқбузарларга 238 млн 600 минг сўм 50 фоизлик имтиёзлар қўлланилган) ундирилиши таъминланди. Тўланмай турган 831 млн. 60 минг сўмлик жариманинг муддати ўтган 45 тасидаги 449 млн. 910 минг сўмлик қисми мажбурий ундирувга қаратилди. Мажбурий тартибда 1 та ҳолатда 3 млн. сўм маблағ ундирилди. Ундирилмаган ва шу жумладан мажбурий ижрога қаратилмаган жарималар миқдори 381 млн. 150 минг сўмни ташкил этмоқда. Мазкур жарималар бир ойлик муддатда ихтиёрий тўланмаган тақдирда тегишли тартибда мажбурий ижрога қаратилиши таъминланади.

ФАЙЗУЛЛА ЎСАРОВ,

Кадастр агентлиги Бахмал туман бўлими бошлиғи.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.