АҚШ элчихонаси қизлар ва аёллар учун ўзини-ўзи ҳимоя қилиш бўйича бепул курсларга қабулни бошлаган. Янги раунд 2024 йил январ ойида бошланади. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона хабар бермоқда.
Аёллар ўзини ҳимоя қилиш курслари АҚШ элчихонаси томонидан Ўзбекистон миллий самбо хотин-қизлар терма жамоасининг бош мураббийи, джиу-джитсу ва дзюдо бўйича профессионал инструкторлар, шунингдек, профессионал психолог билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Машғулотлар 2024 йил январидан бошлаб уч ой давом этади, бошланишининг аниқ санаси эса барча саралаб олинган иштирокчиларга қўшимча равишда хабар қилинади. Саралаш давомида ҳар бири 30 иштирокчидан иборат иккита ёш гуруҳи тузилади.
А гуруҳи:13 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар — сешанба, пайшанба ва шанба кунлари соат 15:00 дан 16: 00 гача.
B гуруҳи:18 ва ундан катта ёшдаги аёллар — сешанба, пайшанба ва шанба кунлари соат 20:00 дан 21:00 гача.
Курс иштирокчилари ўзларини ҳимоя қилиш усулларини ўзлаштирадилар ва махсус машқлар ёрдамида жисмоний тайёргарлигини яхшилайдилар. Ўз-ўзини ҳимоя қилиш кўникмаларидан ташқари, иштирокчилар низоларни ҳал қилиш, очиқ мулоқот ва стрессни бошқариш усулларини ўрганадилар.
Бундан ташқари, ҳафтада бир марта профессионал мураббий билан 13 ёшдан ошган қизлар ва аёллар учун ишончни ривожлантириш бўйича машғулотлар ўтказилади.
Жами кўриб чиқиш учун ҳар бир гуруҳга 300 та ариза қабул қилинади.