Стресс организмга қандай таъсир кўрсатади?

Улашиш:

“Барча касалликлар асабдан” ибораси ҳаммага таниш, лекин кўпинча у жиддий қабул қилинмайди. Стресс – ҳозирги даврда ҳар бир инсоннинг ҳаётида мавжуд, бунга ҳамма ўрганиб қолган. Шунинг учун ҳам асабий ҳолат одатий деб ҳисобланади. Аммо бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Психосоматика нима?

Психосоматика – бу юнончадан “руҳият ва тана” маъносини билдиради: психологик омиллар – шахслар билан муносабатлар, бажарилмаган истаклар, бостирилган ҳис-туйғулар, ички зиддиятлар каби руҳий ҳолатларни танага салбий таъсиридир.

Психосоматика назарияси томонидан таъкидланган ҳалокатли ҳис-туйғулар ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтамиз. Улар орасида ваҳима, ғазаб, айбдорлик ҳисси, шармандалик – буларнинг барчаси танада “сиқиш” механизмини ишга солади. Ваҳима ва ғазабда юрак қандай “сиқилишини” ҳамма билади ёки қайғуга ботганда ёлғиз қолиш истаги пайдо бўлади. Бу психосоматиканинг иши.

Салбий ҳис-туйғулардан қочиб қутулиб бўлмайди. Бирор киши пайдо бўлган ғазаб, қўрқув, ташвишни бостиришга ҳаракат қилмасин, барибир улар ўзини намоён қилади. Бостирилган ғазаб, аламга айланади, кейин эса танани касал қилади. Кўпинча жигар, агар ғазаб ўзига қаратилган бўлса, ёки бошқаларга нисбатан бўлса, юрак-қон тизими билан боғлиқ бўлган муаммолар пайдо бўлади.

Яширин алам ва айтилмаган шикоятлар доимий йўтал, ҳатто сурункали бронхитга олиб келиши мумкин. Тажовуз, ғазаб узоқ вақт бостирилса, орада тўсатдан қўрқиб кетиш ҳолати юзага келса, нафас қисилиши хуружлари пайдо бўлади, бу бронхиал астма белгиларидир. Қўрқув, алам, ғазаб ва бошқа салбий ҳис туйғулар доимий равишда бўлса, ошқозон, ичак, буйрак, юрак, қалқонсимон без ва бошқа аъзоларда касалликлар пайдо қилади.

Аслида ваҳима, стресс ўз-ўзини сақлаб қолиш учун яратилган. Ҳаётга таҳдид қилинганда, қонда стресс гормонлари ошади натижада юрак уриши тезлашади, тез- тез нафас олинади. Мияга кислород етказиб бериш ошади, ошқозон тораяди, ортиқча қон айланмаслиги учун ҳазм қилиш жараёни тўхтайди, мушаклар кучи ошади. Ибтидоий даврда одамларнинг қўрқувга жавоб бериши жуда муҳим бўлган, улар ўлжага ҳужум қилган ёки қочган. Психосоматик касалликлар келиб чиқмаслиги учун асабни яхшилаш, бўлиб ўтаётган салбий ҳолатларни тўғри баҳолаш ва уларни енгиш керак.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.