Энг бадавлат россияликларнинг бойлиги 50 млрд долларга кўпайди

Улашиш:

Ғарб санкцияларига қарамай, 2023 йилда Россиянинг 25 нафар энг бадавлат тадбиркорларининг умумий бойлиги 50,01 миллиард долларга ошди. 2 январ, сешанба куни эълон қилинган Bloomberg Billionaires Index маълумотига кўра, уларнинг умумий бойлиги 328,53 миллиард долларни ташкил қилган.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланишидан бир кун олдин, 2022 йил 23 февралда РИА «Новости» Bloomberg миллиардерлар рейтингидаги энг бадавлат 23 нафар россияликнинг умумий бойлиги 342,74 миллиард долларни ташкил қилгани ҳақида хабар берди. 2022 йилда рейтингдаги россияликларнинг умумий бойлиги 93,753 миллиардга камайди.

«Лукойл» эгаларидан бири Вагит Алекперовнинг капитали бошқаларга қараганда кўпроқ - 9,29 миллиард долларга ошиб, 24,7 миллиард долларга етди. Bloomberg индексида бўлган фақат бир россиялик миллиардер - Вячеслав Канторнинг пули камайган. Минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи «Акрон» компаниясининг асосий акциядори бўлган Кантор ўтган йил давомида 149 миллион доллар йўқотди.

Ҳозирги вақтда энг бой россияликлар тўртлиги қуйидагича кўринишга эга:

  • Владимир Потанин (+2,49 миллиард доллар, умумий бойлиги 31,1 миллиард);
  • Леонид Михелсон (+2,83 миллиард доллар, умумий бойлиги 27,5 миллиард);
  • Вагит Алекперов (+9,29 миллиард доллар, умумий бойлиги 24,7 миллиард);
  • Владимир Лисин (+4,08 миллиард доллар, умумий бойлиги 23,9 миллиард).

Bloomberg индексни бизнесменлар улушларга эга бўлган компаниялар акциялари нархидан келиб чиқиб ҳисоблайди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.