Тадбиркорни нотўғри ҳисобланган солиқ қарзидан халос этишга ваъда берган солиқчилар беш йилга қамалган

Улашиш:

Самарқанд вилоятида солиқ инспекциясининг икки нафар ходимига ҳукм ўқилган. Минг доллар эвазига улар тадбиркорга нотўғри ҳисобланган 300 миллион сўмлик қарздорликни йўқ қилишга ваъда беришган.  

Олий суд матбуот хизмати маълумотларига кўра, Самарқанд тумани солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманидаги тадбиркор билан унга нотўғри ҳисобланган 300 миллион сўмлик солиқ қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида келишиб олишган. Ёрдам учун ундан минг доллар талаб қилишган.

У ўз режасини Булунғур тумани солиқ инспексиясида камерал солиқ текширувлари бўлинмаси раҳбари кўмагида амалга оширмоқчи бўлган. Иккала эркак ҳам Самарқанд кафеларидан бирида келишилган суммадан ярмини олган пайтида ҳибсга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди уларни Жиноят кодексининг 210 – моддасида (иккинчи қисм, "б" банди) назарда тутилган жиноят, яъни товламачилик орқали пора олишда айбдор деб топган. Жазо чораси сифатида собиқ солиқчилар беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.