Жиззахда фуқарони АҚШга жўнатишни ваъда қилганлар қўлга олинди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида фуқарони АҚШга жўнатишни ваъда қилган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган М.Х ва A.A. фуқаро Ю.Қ.ни Европа давлатлари орқали АҚШга ишлашга жўнатишни ваъда қилиб, хизматлари учун 18 минг доллар пул талаб қилган. Улар 2000 доллар ва 200 миллион сўмни олган вақтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи сўнггида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси АҚШ бундан буёғига Ўзбекистон фуқароларининг Мексика чегараси орқали мамлакатга ноқонуний киришига рухсат бермаслигини маълум қилган эди. Улар иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақланади.

Ундан аввал 2021 йил октябридан 2023 йил октябрига қадар АҚШга ноқонуний киришга уринган 13 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани маълум бўлган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.