Жиззахлик тадбиркорларга солиқ қонунчилигидаги янгиликлар етказилди

Улашиш:

Жиззах вилояти солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси масъуллари иштирокида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар юзасидан тадбиркорлар учун кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унга вилоятдаги  200 нафарга яқин тадбиркорлар таклиф этилди.

Семинарда 2023-йил 28-декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни билан солиқ кодексига киритилган қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ахборот стендлари, тақдимотлар ва тарқатма материаллари орқали батафсил тушунтириб берилди.

Хусусан, 1-январдан солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати қисқартирилади, яъни Ўзбекистон солиқ органлари тадбиркорлик субектларини 5 йил эмас, балки охирги 3 йил давомидаги фаолияти юзасидан текшириши мумкин бўлади, – дейди солиқ бошқармаси бошлиғи Б.Ташпулатов. – Шунингдек, камерал текширув ўтказиш тартиби ҳам ўзгартирилди.

Худди шу кундан бошлаб солиқ тўловчиларга солиқлар ва молиявий санксиялар суммалари бўйича ўтказилган солиқ текшируви, шунингдек, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади (солиқ органи қарори кучга кирган кундан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда).

Кўргазмали семинарда солиқ тўловчилар томонидан 20 дан ортиқ саволлар ўртага ташланди. Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси мутахассислари барча саволларга батафсил жавоблар бердилар.

Семинар доирасида Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси масъуллари томонидан “Солиқчи– тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратилиб, уларни ҳал этиш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.