Сенаторлар қонунларни ЖСТ талаблари билан уйғунлаштиришни маъқулладилар. Бу халқаро ташкилотга қўшилишни тезлаштириши керак

Улашиш:

Сенаторлар қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш учун Ўзбекистоннинг бир қатор қонунларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллашган. Бу мамлакатнинг халқаро ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.

Сенаторлар миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш учун бешта қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни кўриб чиқишган ва маъқуллашган. Улар унинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро ташкилот аъзоси бўлиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади, деган фикрга келишган.

Таъкидланишича, "Реклама тўғрисида"ги қонун аллақачон ЖСТ нормалари билан уйғунлашиб бўлган. Хусусан, чет элда ишлаб чиқарилган пиво ва винолар учун реклама чекловлари бекор қилинмоқда. Сенат баёнотида айтилишича, бу бозорда рақобат муҳитини яратади.

Шунингдек, "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонунга қўшимча нормалар киритилмоқда. Ўзгартиришлар фармацевтика фаолиятида клиникадан олдинги ва клиник синовлар натижасида олинган маълумотларни самарали ҳимоя қилиш механизмини жорий этиш орқали оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.

"Давлат божи тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартиришлар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун бож ставкасини БҲМнинг 10 бараваридан 1 бараваригача пасайтиришни назарда тутади. Шундай қилиб, бу маҳаллий корхоналар учун ҳам, хорижий инвестицияларга эга корхоналар учун ҳам фаолиятни амалга ошириш учун тенг шароит яратади.

Патент олиш учун ариза бериш, экспертиза ўтказиш, ихтиролар ва саноат намуналарини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисидаги маълумотларни нашр этиш учун давлат божи миқдори ҳам ЖСТ келишуви талабларига мослаштирилмоқда.

Шунингдек, ўзгартиришлар ва қўшимчалар "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида" ва "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товарларнинг келиб чиқиш жойлари номлари тўғрисида"ги қонунларга киритилиши керак.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.