Шаҳар – пиёдалар учун бўлиши керак — Шавкат Мирзиёев

Улашиш:

Бунда жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши кераклиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаи йиғилишда жамоат транспорти масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари жамоат транспорти ҳалигача одамларга сифатли хизмат кўрсатадиган тизимга айланмаганини қайд этди.

«Жамоат транспорти қамрови бор-йўғи 25 фоиз экани – бу тизимга берилган баҳо», деди президент.

Вилоятларга етказилиши режа қилинган  автобусларнинг ҳаммаси ҳам олиб келинмагани, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш тизимини жорий қилиш  ишлари якунига етказилмагани танқид қилинди.

Транспорт вазири ва вилоят ҳокимлари бу ишларни тўлиқ якунлаб, 1 мартга қадар 5 та вилоят марказида, 1 июнгача қолган 8 та шаҳарда янги тизимни йўлга қўйиши шартлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида тирбандлик катта муаммога айланиб бораётгани қайд этилди.

Айрим кўчаларда иш кунлари ўртача 7-9 баллик, баъзан 10 баллик тирбандликлар кузатилмоқда, баъзиларига 2 карра кўп юклама тушмоқда.

Оқибатда куннинг тиғиз пайтида манзилга бориш учун 2 баробар кўп вақт сарфланмоқда.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тизимли ёндашган ҳолда тирбандликлар муаммоси бўйича таклифларни шакллантириш ва Президентга тақдимот қилиш топширилди.

«Шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар "Шаҳар – пиёдалар учун” деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шарт. 

Бунда, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши керак», - деди президент.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.