Жиззахда аҳоли тиббий хатловдан ўтказилмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2024 йил 12 январдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янгича ёндошувлар асосида ташкил етиш тўғрисида”ги буйруғига асосан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш бўйича профилактик кўрик ва скрининг дастурларини самарали ўтказиш, аниқланган касалликлар бўйича манзилли соғломлаштириш ишларини ташкил этиш мақсадида ва республика аҳолисининг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар) таснифлаш учун барча шаҳар ва туманларда 2024-йилнинг 1-февралидан 1-апрелига қадар қайта тиббий хатлов ўтказилади.

Вилоятимизда ташкил этилган 716 та тиббий бригада томонидан ҳам вилоятимиз аҳолиси тиббий хатловдан ўтказилмоқда.  

Тиббий хатлов жараёнларини тўғри ташкил этилганлиги, маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш, тиббиёт ходимларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, умуман, вилоятдаги тиббий бригадаларни фаолиятини мониторинг қилиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах шаҳридаги маҳаллаларга чиқиб, тиббий хатлов жараёнларини кўздан кечирди, тиббий бригадалар томонидан тиббий хатловдан ўтказилган оилаларга кириб, маълумотлар ҳаққонийлиги текширилди, аҳолига соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш бўйича тушунчалар берилди. Тиббиёт бригадалар аъзоларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.