Барқарорлик рейтинги жорий қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун ўзига хос рағбат бўлади

Улашиш:

Куни кеча вилоят солиқ бошқармасида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ” борасида семинар ташкил этилди.

Иштирокчиларга 2023 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Солиқ кодексига киритилган қатор ўзгартириш ва қўшимчалар, янги жорий қилинган  рейтингнинг мезонлари ва тартиб-тамойиллари ҳақида маълумот берилди. 

Унга кўра, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 та тоифага ажратилади. Бу солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. 

Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади.

Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади.

 Товарларни импорт қилишда ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Ауксионда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.

Бундай рейтинг шунинг учун ҳам муҳимки, энди тадбиркорлар фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Келгусида субсидия, имтиёз ва преференциялар рейтингдан келиб чиқиб берилади. Кўрсаткичи паст бўлганлар интизомли тадбиркорлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш учун ҳаракат қилади.

Яна бир томони, бу рейтинг тадбиркорларга ўз ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи ҳимоя тизимига айланади. Яъни, шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобатга чек қўйилиб, “яширин” иқтисодиёт қисқаради.

Семинарда қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берилиб, солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.