Жиззахда дам олиш кунлари 302 та маҳаллада ҳашар уюштирилди

Улашиш:

Жиззах вилоятида Наврўз байрами муносабати билан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари юксак савияда ўтказилди.

Жиззах вилоятида  302 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15 та зиёратгоҳ ва хиёбон, 300 та қабристон, аҳоли турар жойлари атрофи, маиший ва маданий объектлар ва барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши белгиланган.  

– Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудига 2 миллион 373 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар экилиши режалаштирилган, – дейди Жиззах вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Бунинг учун эса кўчат захираларини ҳам тайёр ҳолга келтириб қўйганмиз. Вилоятимиздаги академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий-текшириш институти томонидан 109 минг туп, Ўрмон хўжаликлари агентлиги томонидан 964 минг туп, бошқа кўчат етиштирувчи субъектлар томонидан эса 1 миллион 300 минг туп кўчат захираси тайёрланган.

Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси, туман ободонлаштириш бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоалари ҳамда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлар етакчилари ҳамда Зомин шаҳарчаси аҳолиси хайрия ҳашарида фаол иштирок этмоқда. Ҳашарчилар кўчат экиш, дарахтларга шакл бериш, йўл ёқалари ва ижтимоий объектлар атрофини тозалаш ишларини уюшқоқлик билан олиб бордилар. “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” ташаббуси доирасида маҳаллалардаги бўш турган ерларга, кўча бўйлари, ариқлар атрофи ва аҳоли хонадонларига мевали, манзарали кўчатлар ўтқазилди.

Шунингдек, Янгиобод тумани фуқаролари ҳам умумхалқ ҳашарида фаол бўлмоқда. Туманда баҳорги экиш мавсумида жами 200 минг тупга яқин манзарали ва мевали кўчатлар экилиши режалаштирилган. Умумхалқ ҳашари куни тумандаги фермер хўжаликлари, аҳоли ва меҳнат жамоалари бир бўлиб, кўчат экиш ишларига киришди.  

Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан давом этаётган умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи кунида 152 минг 300 дан ортиқ аҳоли сафарбар этилди. Шунингдек, ҳашар ишлари учун 197 та махсус техника ажаритилди, 681,8 тонна чиқинди полигонларга чиқарилди. Жами 41 минг 700 туп мевали, 29 минг 100 туп манзарали, 22 минг 900 туп гул кўчатлар экилиб, 65 минг дарахтга шакл берилди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.