Ғаллаорол туманининг Лалмикор МФЙда Давлат хизматлари маркази филиали иш бошламоқда

Улашиш:

Ғаллаорол Жиззах вилоятидаги аҳоли сони ва ҳудуди жиҳатдан катта туманлардан бири ҳисобланади. 180 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган туманда қишлоқлар марказдан анча олисда жойлашган. “Лалмикор” қўрғони туман марказидан олисда жойлашган ва аҳолиси зич яшовчи ҳудудларидан саналади.

“Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғини Ғаллаорол туман марказидан 30 км масофа узоқликда  жойлашган. Бу эса ушбу ҳудуддан давлат хизматлари марказига мурожаат этувчи мурожаатчилар учун қишнинг совуғида ва ёзнинг жазирама иссиқ ҳолатида қатор ноқулайликлар туғдирмоқда.

Ушбу омиллар сабаб “Лалмикор” қўрғони марказида жойлашган Саноат ва касб-ҳунар коллежи биносидан махсус аҳолига туман давлат хизматлари марказининг филиалини ташкил этиш учун хона ажратилди. Ҳозирда  филиал учун ажраилган хона тўлиқ жиҳозланиб бўлинди.

Ушбу филиал иш фаолиятини бошлаши билан 9041 кишилик (1560 хонадон, 2202 оила) аҳолига эга бўлган ҳудуд учун замонавий хизмат кўрсатиш комплексига айланади. Бундан ташқари ушбу ҳудудга яқин Маржонбулоқ, Молтоб, Хонимқўрғон, Ғўбдин қишлоқларида истиқомат қилувчи 30 мингдан ортиқ аҳоли учун ҳам ушбу марказ анча яқин ҳисобланади. 

Шу вақтга қадар Ғаллаорол туманининг “Қўйтош” ҳудудида ДХМнинг филиали фаолият юритиб келаётган эди. Жорий йилда ушбу филиал орқали 1162 та давлат хизматлари кўрсатилган. 

«Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент Фармони (ПФ–5930-сон, 31.01.2020 й.) га мувофиқ шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ДХМлар филиаллари босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланган эди. Бу филиалларнинг вазифаси жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматлари кўрсатишдан иборат.
 

Ойбек Аллаёров – Ғаллаорол туман ДХМ директори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.