“Сайёр хизмат автобуси” Даштободда нима қилди?

Улашиш:

Даштобод шаҳарчаси ва Зомин тумани маркази оралиғи 25 кмни ташкил этади. Шаҳарча аҳолиси давлат хизматларини олиши учун  Зоминга бориб келиши ва қарийб 50 км масофани босиб ўтиши зарур. Кеча ДХА Жиззах вилоят бошқармасининг сайёр хизматлар учун мўлжалланган автобуси даштободликларга қулайлик яратиш мақсадида “Даштобод” деҳқон бозори ҳудудига борди. Зомин туман ДХМ ходимлари томонидан кўрсатилган сайёр хизматда 40 нафар фуқаронинг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилди. Бу одамларнинг вақти ва маблағи тежалди, дегани.  

 

 

Давлат хизматлари Агентлигининг мобил автобуси туман марказидан узоқдаги аҳоли яшаш пунктларига борган ҳолда хизмат кўрсатиши шу ҳудудда яшовчи инсонларга янада қулайлик яратиш, улар вақтини тежаш имкониятини бермоқда. 2019 йилда  Жиззах вилоятидаги давлат хизматлари марказлари томонидан қарийб 407 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шунинг 14 мингдан ортиғи сайёр тартибдаги хизматлар саналади.  

«Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент Фармони (ПФ–5930-сон, 31.01.2020 й.) қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ДХМлар филиаллари босқичма-босқич ташкил этилади. Жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматлари кўрсатиш филиалларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда Жиззах вилоятининг 3 та ҚФЙлари ҳудудида ДХМларнинг филиаллари фаолият юритмоқда. Жорий йилда яна 7 та марказ филиали ишга туширилиши режалаштирилган. Улар Фориш туманининг “Гараша”, Бахмал туманининг “Бахмал” ҚФЙ, Зомин туманининг Даштобод  шаҳарчаси ва Култепа  қишлоғи, Ш.Рашидов туманининг “Равот”, Арнасой туманининг “Чўлқувар” ва Ғаллаорол туманининг “Лалмикор” қўрғонларида фаолиятини бошлайди. Айни пайтда Даштобод шаҳарчасидаги филиал биноси даштобод шаҳар маданият марказининг реконструкциядан чиқарилаётган биносига жойлаштирилиши режалаштирилмоқда. Яқин кунларда Зомин туман ДХМнинг янги, инновацион биноси ҳам барча қулайликлар билан бирга фойдаланишга топширилади.

Энди ўйлаб кўринг, сайёр хизмат халқ учун керакми? Албатта бу хизмат олис ҳудудларда яшаётган одамлар учун ниҳоятда зарур. Шу билан бирга беминнат. Бу эса одамлар турмуш шароитини енгиллатиш, ортиқча югур-югурларни олдини олиш учун йўлга қўйиляпти.  

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.