Энергетика инқирози: ибтидоий тузумдан цивилизацияга ўтиш вақти келди

Улашиш:

Чилла келмасдан туриб, энергетика инқирози нафақат пойтахт Тошкентда, балки бутун мамлакатда ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Қизиқчи Ҳожибой айтганидек, агар ҳосил зўр бўлса, ерни чуқурроқ ҳайдаган бўлиб чиқишади. Агар ўхшамаса, табиат бош айбдор.

Айни пайтда кунлар исий бошлаган, камига кучли шамоллар эсяпти. Вилоятларда шамол туфайли чироқлар ўчаётган бўлса, Тошкентда шунчаки иссиқдан электр етказиб беришолмаяпти.

Буларнинг барига тизимдаги носозликлар, эски трансформаторлар сабаб сифатида кўрсатилган. Ҳозир Тошкентнинг деярли барча ҳудудида чироқ кунига 8 соатлаб ўчирилмоқда. Вилоятларда неча соатгача ўчиши ҳатто айтилмаяпти ҳам.

Энергетика инқирозига сабаб бўлувчи бир неча омиллар бор. Энг биринчиси: трансформаторларнинг ўта эскиргани, тизим автоматлашмаганидир. Жуда кўп жойларда камида 50 йил олдин қўйилган трансформаторлар ишлаб турибди. Бу эса ўз-ўзидан кучли босимга дош беролмаслиги турган гап. Буни оддий одам тушуняпти, Энергетика вазирлигидаги мутахассислар англолмаётгани ҳайрон қоларли.

Иккинчи сабаб бевосита биринчисига боғлиқ, яъни босим жуда катта. Тошкентда кўп қаватли уйларнинг қурилиши яхши, аммо уларнинг деярли ҳаммаси эски тизимга улаб қўйилган. Аслида ҳар бир янги уй қурилганда ўзига алоҳида трансформатор ҳам ўрнатилиши керак. Вилоятларда нега чироқ ўчаётгани ҳозирча тушунарсиз, айбдор фақат шамол.

Энергетика, Қурилиш, Уй-жой коммунал хизмат вазирликлари, ҳокимликлар бу ҳолат бўйича айтарли изоҳ бермаяпти.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.