«СССР эффекти, Россия манфаатлари ва антихитой кучлари» — Чироқсизлик оқибатлари, сабаблари ва хулосалар…

Улашиш:

Кечаги блэкаут мамлакат ҳаётида сезиларли из қолдирди. Хўш, бунга нима сабаб бўлди, оқибатлар қандай ва нималарни хулоса қилишимиз лозим?

Қўшнилар айбдор (ми?)

Соат 10:57 да Қозоғистон Республикаси электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олмаота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. Бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан, Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда электр энергияси ўчиши кузатилди. Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭС, Сирдарё ГРЭСда авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб бу иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Ҳар ҳолда вазирлик шундай ёзганди. Сўнгра нимагадир бу хабарни ўзгартириб қўйишди. Сабаби бизга қоронғу…

Умуман олганда, мамлакатимиз ва Қозоғистоннинг берган расмий баёноти бир-биридан фарқ қилди. Қозоғистон томони эса, буни Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимида юзага келган авариявий номутаносиблик келтириб чиқарганини таъкидлаган. Биздан фарқли равишда, ҳанузгача Қозоғистон томони хабарини ўчирмади ҳам, ўзгартирмади ҳам.

Ким нима деяпти?

Умуман олганда, электр энергияси ўчиши ҳодисасини хориж матбуоти кенг тарзда ёритишга киришди. Айниқса, рус матбуоти жараёнда жуда фаол бўлди. Масалан, «РИА Новости» 5 соатда 50 дан зиёд пост эълон қилди. Ижтимоий тармоқларда 1000 га яқин постлар қўйилди. Сиёсатчилар, экспертлар, таҳлил марказлари турли фикрлар берди.

Бир нечтасини келтириб ўтаман:

СССР эффекти: СССР тарқаб кетди, аммо унинг тузилмасидан фойдаланиш ҳанузгача давом этяпти. Қисман янгиланган бўлса-да, электр энергияси тизими шулар жумласидандир. Авариянинг сабабларидан бири эски тизим тузилмаси, деб тахмин қилинмоқда. Тобора кўп истеъмол қилинаётган энергияга тизим дош беролмаган бўлиши мумкин.

Россия манфаатлари: Марказий Осиёдаги блэкаутнинг ваҳимаси мамлакатимизда қурилажак атом электр станциясига оид баҳсларга ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишига қарши томон ҳам бу воқеадан сўнг ўйга тушиб қолиши тайин. Зеро, электр инқирози фонида пойтахтимиз Тошкентда стрессли ҳолат юзага чиқди. Шам, ёритиш ускуналари, ичимлик суви кабилар нархида бу сезилди. Метро тўхтаб қолиши ва газ қуйиш шохобчалари ишламай қолиши ортидан таксилар нархи ошди. Бу факторлар электрнинг мамлакат ҳаётидаги роли юқорилигини эслатиб қўйди. Энди «атом электр станцияси бу муаммоларни ҳал қилади», деган таъкид янаям баралла янграши мумкин.

Антихитой кучлар ва криптовалюталар: Сиёсий фанлар бўйича мустақил таҳилчи Дониёр Рўзметов ўз каналида бошқа бир фикрни илгари сурган.

«Нуфузли француз нашрларидан бири «Le Monde» мен билмаган бир маълумот ҳақида ёзди. Қозоғистон дунёдаги кўплаб давлатлар, хусусан Хитой учун криптовалюта ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига кирар экан. Криптовалюта ишлаб чиқариш эса электр энергиясини жуда кўп истеъмол қилар экан. Аввалроқ, Косовода айнан криптовалюталар сабабли электр энергияси билан боғлиқ муаммолар юзага келиб, ҳозирда Косово бу фаолиятни тақиқлаган экан.

Қозоғистон эса совет давридан қолган эски тизимлари билан криптовалюта ишлаб чиқаришга зўр бериб, бугунги ҳолатга сабаб бўлдимикан деган тахминлар илгари сурилган.

Маълумот учун, дунё криптовалюталарини сақловчи «хотира дисклар»нинг анча қисми Қозоғистон ҳудудларида жойлашган бўлиб, яқиндаги Қозоғистон воқеалари пайтида интернет ёпилиши оқибатида уларнинг фаолиятига катта таъсир қилган ва оқибатда криптовалюталарнинг курси тушиб кетган эди», — деб ёзади у.

«Le Monde» хабари фонида шундай хулоса юзага келади. Криптовалюталар билан боғлиқ муаммо Хитойда кичик бизнес, ўйин саноати, умуман олганда, «АйТи»га алоқадор айрим соҳаларда ўз аксини топиши мумкин. Шу сабаб ҳам Хитой ҳукумати Марказий Осиёдаги вазиятга бефарқ эмаслигини кўрсатди. Хитой яқин уч йил ичида Марказий Осиё давлатларига 500 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ҳамда турли соҳа ходимлари малака ошириши учун 5 минг кишилик квота ажратади. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин «Марказий Осиё – Хитой» саммитидаги нутқида айтиб ўтган.

Бундан ташқари, киберҳужум деган назария ҳам бор. Бу ҳам асосли бўлиши мумкин. Аммо киберҳужум ҳам қандайдир сабаб билан содир бўлиши керак.

Оқибат…

Кимнидир айбдор қилишдан осони йўқ. Аммо воқеанинг оқибатларини таҳлил қилиш кўпроқ долзарбдир. Иқтисодчи Бекзод Ҳошимов АҚШда содир бўлган бир ҳолат ҳақида ёзди: «Бундан салкам йигирма йил олдин, АҚШда дунё тарихидаги энг катта свет ўчиши содир бўлган эди. Асосий истеъмолчиларга 7 соатда свет қайтди, умуман олсак, барча асоратларини йўқотишга 4 кун кетди. Ўйлайманки, биздаги бугунги кун воқеалари пайтидаги ҳукуматнинг тез ва яхши шаклланган коммуникация тактикаси ва кулфатнинг олдини олишга бўлган ҳаракатлари келажак учун тайёрланадиган қонунчилик яратилганида тажриба сифатида инобатга олинади. Аминманки, келажакда бундай нарсалар қайтарилмаслиги ҳақида керакли чора-тадбирларни кўрганимизда, бугунги кун тажрибаси энг муҳим нуқта бўлади».

Мамлакатимиз ҳукумати воқеликка тезкор реакция берди. Маълумотлар вақтида эълон қилиниб турди. Бу ҳам аслида жуда катта фактор. Ваҳимага тушиб қолган халқ билан тезкор ишламаса, вазият бунданда ёмон бўлиши мумкин эди. Электрнинг узилиши фонида айниқса пойтахтда мураккаб вазият юзага келди. Дастлаб метроларнинг, светофорларнинг ишламай қолиши йўлларда кенг миқёсли тирбандликларни юзага келтирди. Электр йўқлиги сабабли насос ва генераторлар ишламай қолди ва иситиш ҳамда ичимлик суви таъминоти узилиб қолди. Буларнинг ҳаммаси бизни оқибатлар ҳақида яна чуқурроқ ўйлаб кўришга ундайди.

Хулосалар…

Блэкаут фонида ҳукумат кутилганидан-да тезкорроқ ҳаракат қилди. Аҳолини ваҳима қилмасликка чақирди, тез орада муаммолар ҳал қилинишига ваъда берди, соатма-соат кўрилган чоралар эълон қилиб борилди. Шунга қарамасдан, вазиятни аҳолининг ўзи бироз қийинлаштирди. Масалан, пачкалаб шамлар сотиб олишди, ҳолбуки, бир уйга 2-3 та шам бир суткага бемалол етар эди. Бир неча литрлаб ичимлик суви сотиб олишди. Мабодо, вазият узоқ вақт давомида яхшиланмаса, деган ўй билан меъёридан кўп миқдорда харидлар қилинди. Бу эса нархларга таъсир қилди.

Деярли бутун Ўзбекистон чироқсиз қолган бир вазиятдан ҳамма ўзича хулоса чиқарди. Энг асосийси, бу воқеадан соҳа мутасаддилари етарлича хулосалар чиқарган бўлсин.

Санжар Машриқий

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.