Аббосбек Файзуллаев бугунги кунда фаолияти энг тез ривожланаётган футболчиларимиздан ҳисобланади.
Яқингача уни кенг футбол жамоатчилиги яхши танимас эди. Аббосбек халқаро ҳамжамият назарига илк маротаба ўтган йили 20 ёшгача футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатидаги ёрқин ўйинларидан кейин тушди.
Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларда порлаган истеъдод соҳиблари кўп бўлади. Лекин уларнинг ҳаммасига ҳам профессионал футболда ўз ўрнини эгаллаш насиб қилмайди. Бунга ўзбек футболи тарихида ҳам бир неча маротаба гувоҳи бўлганмиз.
20 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан ва Аргентинадаги жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатган терма жамоамиз етакчилари профессионал даражага ўтишда йўқолиб қолмагани бизни хурсанд қилади. Абдуқодир Ҳусанов Франция, Аббосбек Файзуллаев ва Умарали Раҳмоналиев каби ўйинчилар Россияга кўчиб ўтди.
Аббос ва Абдуқодир Ўзбекистон миллий терма жамоасининг муҳим ўйинчиларига айлана олди. Айниқса, Файзуллаев халқаро даражада эътироф ва эътиборга сазовор бўлмоқда.
Файзуллаев жаҳон футболининг нуфузли манбаларидан бири – Испаниянинг AS интернет нашри эътибор қаратди.
Бу нашр эксперти Иван Кордовилья “Москва буюк талантни яширяпти” номли мақоласида ЦСКАда муваффақиятли ўйнаётган Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинларидаги ижобий ўсишни юқори баҳолаб, унинг ўз тенгқурлари ўртасида энг истеъдодли ўйинчилардан эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, “Пахтакор” тарбияланувчиси Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг энг асосий фигураларидан бирига айланган. Россияга кўчиб ўтганидан бери Премьер-лига ва мамлакат кубогида жами 25 та учрашувда 4 та гoл ва 11 та ассист қайд этди. Бундан ташқари, жамоасининг бир нечта голларида бевосита иштирок этди.
Шунингдек, Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам ишонган ўйинчиларидан бирига айланади. Ўтган ёздан бери 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз халқаро миқёсида 15 та баҳсда тўртта гол ва битта ассист муаллифи бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаев Европанинг кучли лигалари ўтиб кетиш учун асосий номзодлардан ҳисобланади. У бир неча бор мақсади Испания чемпионатида тўп тепиш эканини айтган.