Ўзбекистон Президентининг топшириғига кўра, мамлакат тўқимачилик саноатига 7 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу маблағлар кластерларни ривожлантириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва минглаб янги иш ўринларини яратишга сарфланади.
Давлат раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган селектор йиғилишида соҳадаги асосий вазифалар – рақобатбардошликни кучайтириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш экани таъкидланди. Шу мақсадда тўқимачилик корхоналари учун қатор имтиёзлар жорий этилди: кредит тўловларини кечиктириш, қуёш панелларини ўрнатиш учун субсидиялар, электр энергиясини сотиб олишда имтиёзли шартлар.
Йиғилишда маҳсулот таннархини пасайтириш, ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва замонавий бренд маҳсулотларини ишлаб чиқиш муҳим йўналишлар сифатида белгилаб олинди. Президент тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш учун махсус агентлик ташкил этишни ва 100 кунлик дастурни амалга оширишни топширди.
Сирдарё вилоятидаги агрокластерда аралаш матодан трикотаж ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани мазкур дастурнинг амалий қадамларидан бири бўлди. Кластер раҳбарлари берилган имтиёзлар минглаб ишчи-ходимлар учун янги имкониятлар яратаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун масъулият катта эканини қайд этдилар.
"Биз учун бу қўллаб-қувватлаш – катта ишонч. Эндиликда асосий вазифа – умидларни оқлаш ва маҳаллий маҳсулотларимизни сифат ва экспортнинг янги босқичига олиб чиқиш," – деди тўқимачилик кластерларидан бири раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон кийим-кечак экспортини кенгайтириш мақсадида АҚШнинг Сент-Луис ва Нью-Йорк шаҳарларида савдо уйлари очилган эди. Маълумотларга кўра, АҚШ тўқимачилик бозори ҳажми йилига 100 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Мутахассислар фикрича, давлат томонидан кўрилган қўшимча чоралар натижасида Ўзбекистон экспорти 5-6 баробарга ошиши мумкин.