ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан «Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимининг фаол аъзоси бўлган шахс қўлга олинди, деб хабар берди ЎзА.
Хабарга кўра, Олтиариқ туманида яшовчи Абдумутал Абдураҳимов Россия Федерациясида ишлаган вақтда вақтида ислом динига қизиқиши туфайли интернет орқали турли маърузаларни эшитиб юрган.
Жумладан, у мазкур диний террористик ташкилоти тарафдорларининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилишга қаратилган маърузаларидаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видео ва аудио материалларни эшитиб, уларнинг таъсирида экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаган.
У Telegram мессенжери орқали оқим тарафдори М.А. билан алоқа қилиб, ёзишмалар ҳам олиб борган.
«Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий» диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб, уларнинг китобларидан виртуал таълим ола бошлаган.
Шундан сўнг Абдураҳимов «Ҳизбий халқа»да виртуал тарзда олган диний сабоқлари натижасида диний ақидапарастликка берилиб, унинг ғояларини қўллаб-қувватлаган.
Хабарга кўра, у ушбу диний ташкилотга содиқлик қасамёдини ҳам қабул қилган ҳамда ойлик даромадидан аъзолик бадали тўлаб келган.
Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда диний оқимнинг ғояларини фаол тарғиб қилган.
Олтиариқ туманига қайтиб келгач эса Telegram'да турли гуруҳларни ташкил қилган ҳамда ўзининг танишларининг профилларини бу гуруҳга қўшган.
А.Абдураҳимов, шунингдек, ақидапарастлик ғояларидан сабоқ бериб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида А.Абдураҳимовнинг қилмишлари фош бўлди.
Унинг телефонидан олинган ашёвий далиллар диний оқимнинг материаллари эканлиги аниқ бўлди.
Якунда, Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг ҳукмига кўра, у 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.