«Фарзандларим касримга қолди»: миссионерликда айбланиб қамалган шахс ҳикояси

Улашиш:

Бу галги суҳбатдошимиз Ромитан туманидан. У Россиянинг Петропавловск-Камчатск шаҳрида бор-йўғи, 7 ойча ишлаган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари билан банд бўлган. Бироқ, яқин қариндошининг касрига қолиб, 2 йилдан ортиқроқ вақт «ўтириб чиққан».

«Янгиланаётган Конституциянинг 28-моддасига «Фуқаронинг судланганлиги қариндошларнинг конституцион ҳуқуқларини чеклаш, уларнинг қадр-қимматини таҳқирлашга сабаб бўлолмайди» дея ўзгартиш киритилганини ўқиб, йиғлаб юбордим. Чунки, қайси айб билан бўлмасин, олдин киши судланган бўлса, бу унинг яқинлари, қариндошларининг тақдирига ҳам таъсир қилиб келган. Шахсан ўзимнинг, устига-устак, бошқа яқин қариндошларимнинг кўп йилдан бери қамоқ жазосини ўташаётгани яқин авлодларимизга сезиларли даражада таъсирини ўтказиб келди. Мен эса ўзимнинг лақмалигим боис, панжара ортиниям кўриб чиқдим».

Суҳбатдош пешонасининг томирлари бўртиб чиққан кўйи худди икки елкасининг орасига боши билан кириб кетиб, сўзларди.

«Лақманинг калласи худди тарози палласига ўхшайди. У ким нима қўйса, ўша томонга оғади. Ўз фикру-қарашимга эга эмаслигим тарозибонга қўл келди. Тарозибон учун эса дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам, қавму-қариндошу, бегонанинг ҳам аҳамияти йўқ экан. Мен мана шу тарозибонга «чув» тушган лақмаман»,— дея ҳикоямиз «қаҳрамон»и ҳеч иккиланишларсиз ўзига шундай баҳо берди.

У Россия Федерациясида туриб, мамлакатимизнинг тинч-осуда ҳаётига, хавфсизлигига зарар етказиши мумкинлигига оз қолганини сўзлаб берди.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, 2016 йил охири 2017 йил бошида у мўмай даромад топиш важи учун Россия Федерациясининг Петропавловск-Камчатск шаҳрига қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган яқин қариндоши Анвар Самиевнинг қистови билан тузуккина ишини ташлаб, Россияга ишлагани кетган.

«Анвар бўш вақт топдим, дегунча спиртли ичимликлар ичиб, вақтичоғлиқ қиларди. Унинг вақтичоғлиги аввалига, рўжўга, кейин эса тобеликка айланди. Шундай кунларнинг бирида у бундан анча йиллар олдин Россияда «пишиб кетган» ҳамқишлоғимиз Ҳамид Эркинов билан танишиб қолди. Анварга Ҳамиднинг «амри маъруф»лари, айниқса, «жиҳод», «шаҳидлик» ва «ҳижрат»ни тарғиб қилувчи ғоялари маъқул келди, шекилли, унга сўзсиз эргаша бошлади.

Анвар Ҳамидни устоз сифатида қабул қилди.

Ҳамиднинг йўриғига кириб, диний илмлар оламига, аввало, яқин биродарларини даъват этишга аҳд қилди. У Ромитан туманида яшаб келаётган божаси, ўз акаси, турмуш ўртоғи, жиянларимизни, синфдошларини ҳам Россия Федерациясига «иш»га чақиради. Яқин қавмлар гўёки даромадли қурилиш ишларига жалб қилинишди.

Суҳбатдош худди уни кимдир калтаклаётгандек буришиб-буришиб, оғриниб қўярди. 

Унинг сўзига кўра, кўнглида ғайир мақсадни тугиб олган Анвар Самаджон исмли жиянини, бир нафар синфдошини ҳамда божасини имом ихтиёридаги ижара уйда қолдириб, қолганларни ўзи билан бирга олиб, яна ортга - Петропавловск-Камчатскка қайтган.

«Бохнияка»да улар Ҳамид Эркиновнинг жияни Нусрат исмли йигитга рўпарў бўлишган. Нусрат ҳам тоғасининг «илм»ини олганлар тоифасидан бўлган. Анвар ва Нусрат иккиси бирлашиб, қурилиш ишларидан чарчаб қайтган йигитларни ҳар жиҳатдан сиқувга олишиб, ҳуқуқларини таъқиқлашган, ўзларини таҳқирлашган, қилган ҳар бир ҳатти-ҳаракатларидан камчилик топишган. Анвар ўз жияни бўлган суҳбатдошимизнинг арзу-шикоятларини ўринсиз қолдириб келган. На оиласи, на ота-онаси ҳолидан хабар олиб, уларга пул жўната олмаган суҳбатдош Анварнинг синфдошларидан бири билан ўзаро келишиб, ўз фуқаролик паспортларини ўғирлаб олишиб, бу манзилдан қочиб кетишга муваффақ бўлишган.

«Шукур қиламанки, лақмалигим узоққа чўзилмади. Анвар ва Ҳамиднинг юриш-туришларида ўта ёқимсиз ҳатти-ҳаракат борлигини сездим. Чунки улар бизнинг онгу-шууримизга мажбурлаб тиқиштиришаётган тушунчалар бизнинг динимизга мутлақо ёт эди.  Ачинарлиси, Анвар бу орада ўз опаси ва унинг қизини ҳам Россия Федерациясига «иш»га келишларини таъминлашга улгурган эди. Қариндошлар ўзбек тилидаги диний маърузаларни, интернет тармоғи орқали диний мазмундаги материалларни  ўқишга мажбурланишарди. Диний талқиндаги видеороликларни томоша қилиб, маърузаларни муҳокама қилишга руҳий зўриқиш орқали сингиб бораётган яқинларининг тақдири Анварни мутлақо қизиқтирмасди»,-дейди суҳбатдош.

Анварнинг синфдоши билан бирга Петропавловск-Камчатскнинг бошқа бир манзилига қочган суҳбатдош икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида кўп қаватли уйларнинг ертўласида яшаб юришган.

«Ҳар иккимизда ҳам қўл телефонимиз йўқ. Нимадир егулик сотиб олишга пул йўқ. Қўлимизда паспортимиз бўлгани билан ишлаш учун кўчага чиқсак, Анварнинг қўлига тушиб қолишдан қўрқардик. Бошқа шаҳарга чиқиб кетиш учун ҳам пул керак. Шундай кунларнинг бирида юқори қаватдан мактаб ўқувчиси бўлган, чамаси, 14-15 ёшли қизнинг онаси билан тортишиб тушиб келаётгани шеригимнинг эътиборини тортди. Она-қизнинг тортишувига кўра, қизалоқ физика фанидан уйга берилган вазифани бажара олмагани учун онасидан ёрдам сўраган. Табиийки, она физика фанидан хабарсиз.  «Мен ёрдам берсам, майлими?!»—деб сўраб қолди қўққисдан шеригим қизнинг онасига қараб, ертўладан бош чиқара туриб. Муҳожирларнинг ертўлаларда яшаб юришига кўниб кетган рус аёли аввалига иккиланди, кейин «Ну, ладно—деди-да, қизининг китоб ва дафтарини шеригимга тутқазди.

Шеригим физика фани ўқитувчиси экан, «уйга вазифа»ни қойилмақом қилиб бажариб берди. Эвазига олган чойчақасига тунгача қорин ғамладик. Кечликда яна нам ва зах ертўлада биқиниб ётгандик, уйга вазифасини бажариб берганимиз – қизнинг отаси бизни сўроқлаб тушди. Ўзини Сергей Никитович, деб таништирди. Уйига олиб кирди. Ювинтирди, едирди, ичирди. Ўша пайтда диний масалалар жуда нозиклашиб бораётгани боис, ҳаммасини сўзлаб берсак, қувиб солиб, полицияга топширишидан қўрқиб, пулсиз қолганимизни, Ўзбекистонга қайтиш учун қийналаётганимизни тушунтирган бўлдик. Сергей Никитович бизга ёрдам берди. Ўзининг эски қўл телефонини совға қилди. Шеригим уйдагилари билан боғланди. Ўзбекистонга қайтиш учун пул жўнатишларини, оғир аҳволда қолаётганимизни яширмай сўзлади. Биз муҳожир бўлганимиз боис, Россия банкларидан пул олишга қийналишимиз мумкинлигини инобатга олиб, пулни Сергей Никитович номига жўнатадиган бўлишди. Бир ҳафтадан ортиқроқ вақт уларнинг хонадонида қолиб кетдик. Қишлоқ шароитини биласиз. Меҳнат кўп, пул кам. Шеригимнинг ота-онаси озми-кўпми жўнатишган пули иккимиз учун автобусда қайтишга етарди. Шунга ҳам шукур қилиб, Сергей Никитовичга йўлга отланишимизни айтдик. У бир ҳафта ичида бизга яқин қадрдонлардек бўлиб қолган, бошимизни силаб, беминнат ёрдам кўрсатган эди. Ўзбекистонга қайтиш кунимиз аёли ширин пишириқлару егуликлар, ҳатто, болаларимиз учун кийим-кечаклар ҳам бериб, сумкаларимизни тўлдириб юборди. Русларнинг оқибатидан, етти ёт бегонага ҳам эшик очиб, совға-салом билан жўнатишидан лол қолдик. Биз эса ўз қариндошларимизни, ҳатто, сотиб юборишга мойил лақмалармиз. Виждоним олдида уялиб, ерга кириб кетай, дедим.

... Автобусда қайтар эканмиз, йўл азобидан эмас, балки бизни Анвар ва Ҳамидлар ушлаб қолиши мумкинлигидан қўрқдик. Афсуски, қўрқув ва ҳадигимиз ундан баттар оғир синоат билан қайтди... »,— деди суҳбатдош.

Унинг сўзига кўра, Анвар ва Ҳамидларнинг қўлидан қочишганидан сўнг, орадан кўп ўтмай, Ҳамид сирли равишда кўздан ғойиб бўлган. Кунларнинг бирида Анвар Самаджон исмли жиянига Камчаткадаги Рай файзен банкидан “Золотая корона” пул ўтказиш тизими орқали Ҳамид Эркинов номига 1000 АҚШ доллари жўнатишини буюрган. Ҳар доим  Ҳамид ва Нусратнинг қадам босишида аллақандай хавф сезаётганини тоғаси Анварга айтавериб чарчаган Самаджон у шахсга нима мақсадда маблағ жўнатаётгани сабабини суриштирмай, банк орқали пул ўтказма қилган.

Афсуски, Самаджон тоғаси билан бўлган суҳбатда саросимага тушиб қолган: Ҳамид Эркинов номига Самаджон Самиев томонидан жўнатилган маблағ Сурия ва Ироқда жиҳод қилаётган мусулмонларни моддий таъминлашга йўналтирилган бўлган... Бир неча кун ўтмай, бу моддий таъминотнинг «миси»дан Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари хабар топишган.

Ўз яқин биродари бўла туриб, бошига шундай кулфатларни солган  тоғасидан, устига-устак, Ўзбекистонда ўзини жиноий жавобгарлик кутаётганидек машъум хабарни эшитган Самаджон жаҳл отига минган.

Анвар Самаджонга қўл телефони орқали интернет тармоғидан Сурия ва Ироқдаги жангларда туширилган мусулмонларнинг аянчли фотосуратлари ва видеороликларини кўрсатиб, мусулмонлар жиҳод қилаётганлигини, уларга моддий кўмак зарурлигини, Ҳамид ҳам, айнан, Сурия ва Ироқ давлатига жиҳод учун  кетганлигини, ачинарлиси, унга жиянининг қўли билан маблағ жўнатганини билдирган...

«Автобусда Ўзбекистонга қайтаётиб, шеригимнинг ота-онаси билан боғланганида, Анварнинг ўзи ва унинг қариндошлари Ўзбекистон ва Россия  ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинишгани, ҳозир мен ва шеригимни ҳам излашаётгани, бироқ, бизларнинг Ўзбекистонга кириб бораётганимиз ҳақида лом-мим, дейишмаганини, ҳар куни органлар эшиги олдида сарғайишаётганини айтишган. Бу гапни эшитиб, оёқ-қўлимиздан жон чиқди. Автобусимиз Устюрт чўлларида. Бу гапдан оғир очадиган бўлсак, Қозоғистон милициялари қўлида ўлиб кетишимиз, тайин. Яхшиямки, автобусда қайтаяпмиз, биров кимсан, деб сўрамайди. Ўлдиришса ҳам ўз тупроғимизда, Ватанимизда ўлдиришсин, деган қаттиқ ҳадик ва «стресс»да манзилларни оқартирдик. На сув, на нон томоғимиздан ўтади. Бизни олдинда нима кутаётганини, узоқ йиллар панжара ортида қолиб кетишимизни эҳтимолан ўйлайвериб, 5 кун ичида мурдага айланиб қолдик. Ўзбекистон чегарасига кириб боришимизга оз қолганда, шеригим ота-онасига бизнинг қайтаётганимиз ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига билдиришини, йўқса, қочқинга чиқиб, жазо чоралари кучайтирилиши мумкинлигини тушунтирди.

... Бир неча соат ичида автобус Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тезкор ходимлари томонидан қуршовга олинди. Бу пайтда бизнинг қўл-оёғимиздан жонимиз чиқиб бўлган, ҳуш-ҳолсиз аҳволда эдик. Шу кўйи бизни олиб кетишди. Автобусдаги шериклар эса ҳеч нарсадан хабарсиз ва ҳайратда қолишганди»,-бармоқларига қўшилиб, бутун вужуди титраган кўйи сўзларди суҳбатдош.

Суҳбатдошнинг айтишича, Анвар Самиев ҳамда Ҳамид Эркиновларнинг иши юзасидан қатъий тергов ҳаракатлари олиб борилган. Ишга даҳлдор барча қариндош-уруғлар, яқин биродарлар жавобгарликка тортилган.

2018 йилда ушбу ҳолат юзасидан иш Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди томонидан кўриб чиқилган.
Суд-тергов ҳаракатлари давомида Ҳамид Эркиновнинг «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқими раҳбари, «Каменск-Уральский жиҳодий жамоати» аъзоси, сепаратистик, фундаменталистик ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маъруза, эслатма ва қўшиқлар  тарғиботчиси эканлиги аниқланган. Ундан ташқари, у Халқаро террористик ташкилотлар бирлашувидан ташкил топган «Ироқ Шом Ислом Давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилиш, махсус ўқувдан ўтиб, қуролли гуруҳлар билан Ироқ ва Сурия давлатларига террорчилик ҳаракатларида иштирок этиш ва бутун дунёда ислом давлатини қуришни режалаштириш жиноятини содир қилгани очиқланган. Россия Федерациясига пул топиш эвазига кўп сонли қавм-қариндошларнинг Анвар Самиев унинг тузоғига хамирдан қил суғиргандек осон илинингани, улар биргаликда ислом дини ниқоби остида миссионерлик ҳолатини юзага келтиришгани фош этилган.

«Анвар биз, ўз қариндошларининг диндорлик туйғуларидан фойдаланишни жуда яхши ўзлаштирди. Бундайларни бир марта моддий қўллаб-қувватлаб «сигнал» берса, тамом-вассалом, дини ва Ватани тайинсиз йигитлар ота-она ва оила тугул, ўзлари туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишга тайёр туришади. Анвар яқин қариндошим бўлса ҳам худди шундайлар тоифасидан эканлигини вақтида тушуниб етдик. Ва шу боис ҳам қочгандик. Ўз инсоний фазилатларини йўқотган, бегоналар қатори ўз яқин қавмлари тақдирига ҳам қора доғ туширишдан тап тортмаган Анвар диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш жиноятини содир этишда айбли, деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси бўйича жазосини ўтаяпти. Мен ва бошқа қариндошларимиз ҳам ўз ҳатти-ҳаркатларимизга тегишлича жазога маҳкум этилдик. Тавба қилдик ва тавбамизга таяндик. Ҳеч кимга бундай қора кунларни раво кўрмайман. Болаларимиз шу дашном билан улғайишди, маҳалла-кўй, қишлоқдошлар орасида бошимиз эгилди. Жазо муддатимизни ўтаб қайтган бўлсак ҳам бизга жамиятнинг «ўгай боласи»дек қарашади. Бу доғни фарзандларимиз ҳам узоқ йиллар нозик елкаларига ортмоқлаб келишди. Болалигидан ички ишлар ходими бўлишни орзулаган ўғлим менинг ҳаётим «таъсири» сабаб пахта пунктида қоровул бўлиб ишлаб юрибди. Ҳар гал кўзларига боққанимда, юрагим ўйилиб кетади. Қизим ҳам турмуш қуриб, «туремщик»нинг қизи ва жияни, деган дашномини кўтара олмай, охири икки боласи билан ажралиб қайтди. Кенжатойим эса ҳали мактаб ўқувчиси. «Мен прокурор бўламан» дейди. Билими, ғайрати зиёда бўлсин. Янги Конституция худди мана шу кенжамнинг келажаги учун яратилаётгандек мамнунман. Президентимга, инсон қадру-қимматини ўйлаб бунёд бўлаётган Янги Конституция ташаббускорларига бошим ерга теккунча таъзим қиламан. Балки, Янги Конституция яралаётганига кўпчилик бефарқ қараётгандир. Аммо бу Конституция мен ва менга ўхшаган, йўлидан адашган ва алдангани оқибатида яқин қавмлари ва фарзандлари тақдирига болта урганлар учун олтин хазина. Бу Конституция кўз ёшларимиз, Аллоҳга илтижоларимиз, тавбаю-узрларимиз меваси.

Ақл бўй ёки ёш билан эмас, ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина тинчликнинг, шу давлатнинг, Янги Конституциянинг қадрига етади. Йўқса, мен ва мен сингари қариндошларим умрининг охирига қадар эл-улус, хешу тоборлар орасидаги хатар, Ватан кўксидаги доғ бўлиб қолаверади»,— деди суҳбатдош.

Суҳбатдош: Лайло Ҳайитова

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.