Келажакда телефонлар бўлмайди, фақат Neuralink – Илон Маск

Улашиш:


Америкалик ишбилармон, миллиардер SpaceX ва Tesla компанияси раҳбари Илон Маск келажакда инсоният анъанавий смартфонлардан воз кечиб, мияга ўрнатилган имплантлардан фойдаланишини башорат қилди. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғида маълум қилди.


“Келажакда телефонлар бўлмайди, фақат Neuralink”, деб ёзади миллиардер .

Гап шундаки, Neuralink Маскнинг мия компьютер интерфейсларини ишлаб чиқувчи компанияларидан бири бўлиб, компаниянинг асосий мақсади – миянинг компьютерлар ва бошқа рақамли қурилмалар билан тўғридан-тўғри ўзаро таъсирини таъминлайдиган қурилма яратиш.

Маълумот учун, компания маҳсулотининг биринчи кўнгиллиси 30 ёшли Нолан Арбо бўлиб, эркак 2016 йилда содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида фалаж бўлиб қолган. Жорий йилнинг бошида Илон Маск унинг миясига чип ўрнатганди.

Беморнинг сўзларига кўра, нейрочип унга дунё билан алоқани тиклашга имкон берган. У ушбу кашфиёт туфайли ноутбукдан, ижтимоий тармоқлардан бемалол фойдаланиши ва ҳаттоки видео ўйинлар ўйнаши мумкин. Ноланнинг айтишича, ҳозирда унинг севимли ўйинларидан бири бу онлайн шахматдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск 2024 йил охиригача Neuralink қурилмаларни 10 нафар кўнгиллига имплантация қилишни, шунингдек, Канада ва Буюк Британияда ўз чиплари билан синовлар ўтказиш учун ариза топширмоқчи эканини маълум қилганди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.