Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги «Hamster Kombat» ўйини билан боғлиқ кўплаб саволлар жавоб берди.
Маълум бўлишича, «Hamster Kombat» ўйини «play-to-earn» тоифадаги ўйинлар қаторига кирмайди, чунки ўйинда тўпланган тангалар (ҳисоб бирликлари) утилитар крипто-активлардан фарқли ўлароқ, таъминланмаган ва реал фойда келтирмайди.
Эслатма! «Play-to-earn» бу ўйин орқали реал пул ёки бошқа қимматли мукофотларни олиш мумкин бўлган ўйин тури ҳисобланади.
Шунингдек, Агентлик «Hamster Kombat» ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари крипто-актив эмаслигини таъкидлайди.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра крипто-актив бу маълумотларнинг тақсимланган реэстри(блокчейн)даги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқдир.
Шу ҳисобда, ҳозирда оммалашиб бораётган ўйинда тўпланган ҳисоб бирликлари юқоридаги таърифга мос келмайди ва блокчейнга эга эмас.
Бироқ, Агентлик келажакда «Hamster Kombat»даги тангалар блокчейнга ўтиши ва шу билан крипто-активга айланиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган.
«Кейинчалик, крипто-активни тарқатиш мақсадида у крипто-платформаларда листингдан ўтказилиши мумкин. Бироқ, бундай крипто-активлар, акс ҳолларда, фойдали функционалликнинг йўқлиги сабабли, рўйхатга олинганидан кейин қисқа вақт ичида қадрсизланади», дейилади изоҳда.
Бордию «Hamster Kombat» ўйинида тўпланган ҳисоб бирликлари крипто-актив деб тан олинса, уларни фақат крипто-активлар айланмаси соҳасидаги миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали харид қилиш ёки сотиш мумкин бўлади.
Бунда улар крипто-биржа котировкалаш варағи ёки крипто-дўконнинг савдо саватига киритилган бўлиши зарур.
Маълумот учун, «Hamster Kombat» ўйинининг ҳисоб бирликлари блокчейнга эга бўлмагунича, уларнинг айланмасини тартибга солиш Агентлик ваколатига кирмайди.
Олдинроқ Ўзбекистонда қонуний тарзда ноткоин билан савдо қилишнинг имкони йўқлиги ҳақида хабар берилган эди.