Бугун Жиззах вилоятининг Зомин туманида ЮНEСКО ва АЙСEСКО шафелиги остида “II Халқаро мақом санъати анжумани” бошланди.
Ўзбекистонда иккинчи маротаба ўтказилаётган анжуманда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашмоқда.
Анжуман доирасида 28-29-июн кунлари “II Халқаро мақом санъати анжумани”га ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади – халқаро ҳайъат томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари учта номинация: “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” бўйича баҳоланади.
“II Халқаро мақом санъати анжумани” доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуетка ва пул мукофотлари билан т ақдирланадилар.
Шунингдек, Зоминсой мажумаси ҳудудида маданияти ва санъатини намойиш этиш учун республиканинг 14 та ҳудуди ўз повилонларини ташкил этди. Ушбу ярмаркада халқаро мусиқа ярмаркаси, мақом санъатига оид турли кўргазмалар, жумладан, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, фотосуратлар намойиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Биринчи халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида ўтказилган. Унда жаҳоннинг 75 мамлакатидан яккахон хонандалар, фольклор жамоалари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этганди.