Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 30-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200 сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бахмал тумани ҳокимлигида тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, вилоят солиқ бошқармаси, Марказий банк, туман ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган мулоқот давомида 30 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилди ва ечими бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, 10га яқин тадбиркорларнинг мурожаатлари жойида ўз ечимини топди. 15 дан ортиқ тизимли муаммолар рўйхатга олиниб, тегишли идораларга йўналтирилди.
Шунингдек, тадбирда қонунчиликка амал қилиб ишлаётган тадбиркорларни аниқлаш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилганлиги, тадбиркорлар рейтинг доирасида 4 та тоифага ажратилиб, шунга мос равишда рағбатлантирилаётганлиги юзасидан тушунчалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилаётган учрашувларни ташкил этилиши ҳамда учрашувлар давомида тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан билдирилган масалаларнинг қонуний ҳал этилиши Бизнес-омбудсман девонининг вилоят шўъбаси ҳамда вилоят сектор раҳбарлари томонидан назорат қилинади.
Вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор ҳудудларидан яна Ғаллаорол ва Фориш туманларида шундай учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати