Унда Ш. Рашидов тумани “Оқтош ота” МФЙ ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган объектлар ҳамда Жиззах шаҳридаги йирик қурилиш объектлари таништирилди.
Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” ДУК буюртмачилигида жорий йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига жами 121 та лойиҳалар бўйича умумий қиймати 25,7 млрд сўмлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Бу кўрсатгичлар қуйидагича:
- ПҚ-404-сонли давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастури доирасида 26 та объектда 150,1 млрд. сўмни;
- “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 2023 йилнинг биринчи ва 2-мавсумидан йилдан-йилга ўтказилган 10 та объектда 8,9 млн. сўмни, 2024 йилги 1-мавсум доирасида янгидан бошланаётган 65 та объектда 81,5 млрд. сўмни;
- “Ҳарбий-маъмурий сектор жамғармаси” орқали молиялашадиган 5 та объектда 17,3 млрд. сўмни;
- Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва Фармонлари билан молиялаштирувчи идораларнинг ҳомийлик ва бошқа маблағлар ҳисобидан 15 та объектда 449,4 млрд. сўмни ташкил қилади.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида барча дастурлар ижросига мувофиқ 294,5 млрд. сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилиб, 297,0 млрд. сўмлик маблағлар молиялаштириб берилди.
Жумладан, юқоридаги кўрсатгич дастурлар кесимида:
I. 2024 йил Инвестиция дастурига киритилган умумий қиймати 150,1 млрд. сўмлик 26 та объектлардан, 3 таси йилдан-йилга ўтувчи, 23 таси янгидан бошланувчи объектлар ҳисобланади.
Булар, 1 таси умумтаълим мактаби (27,8 млрд.), 1 та МТМ (5,2 млрд.), 8 та соғлиқни сақлаш (29,6 млрд.), 2 та олий таълим (63,3 млрд.), 1 та спорт (14,9 млрд.), 1 та миллий гвардия (1,9 млрд.) ва 12 та сел-тошқин ва қирғоқларни мустаҳкамлаш (7,1 млрд.) объектларидир.
Янгидан бошланувчи 23 та объектнинг барчасига лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосалари олинган ва 22 та объект бўйича тендер савдолари якунланиб, аниқланган ғолиб пудрат ташкилотлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Дастурдаги 1 та объект, Жиззах вилоятида “Кураш маҳорати” спорт мактаби (150 ўринли ётоқхона, 24х42 метр ўлчамдаги спорт зал, стадион, ошхона) қурилиши объектининг Манзилли дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишувдан ўтказилмоқда, бугун, яъни 2024 йил 2 август санаси билан пудрат ташкилотини аниқлаш бўйича тендер савдоларига эълонга берилади.
2024 йилги Инвестиция дастури ижроси жараёнида жорий йилнинг 6 ойлигида қурилиш-монтаж ишлари 92,5 млрд. сўм ёки 62,0 фоизга бажарилиб, бу ишлар учун 72,1 млрд. сўм ёки шартнома қийматининг 48,0 фоизи миқдорида маблағлар молиялаштириб берилди, шунингдек, қурилиш ишлари якунланган 10 та (қирғоқни мустаҳкамлаш) объектлари фойдаланишга топширилди. Қолган, 16 та объектларни тасдиқланган тармоқ жадвали асосида белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилиши таъминланади.
II. “Ташаббусли бюджет” дастурининг 2024 йил 1-мавсумида шаҳар ва туман Халқ депутатлари Кенгаши қарорлари асосида компания буюртмачилигига умумий қиймати 84,3 млрд. сўмлик 67 та объектлар киритилган.
Бугунги кун ҳолатига 66 та объектларга лойиҳа ташкилотлари аниқланиб, шундан, 65 тасига “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” Давлат муассасалари томонидан ижобий экспертиза хулосаси берилган, 1 та объектнинг ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертиза кўригида кўриб чиқилмоқда, 1 та, Янгиобод тумани 16-сонли мактабга туман Халқ депутатлари Кенгашининг 2024 йил 16 июлдаги қарори билан қўшимча қўшилиб, маблағ ажратилгандан сўнг лойиҳа ташкилотини аниқлаш бўйича “Шаффоф қурилиш” электрон платформасига эълонга берилди, элоннинг тугаш санаси жорий йил 5 август.
Пудрат ташкилотлари аниқланган 59 та объектларга шартнома қийматининг 15 % миқдорида дастлабки аванс маблағлари молиялаштирилиб берилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган бўлса, қолган 8 та объектдан 6 таси пудрат ташкилотини аниқлаш бўйича эълонда мавжуд бўлиб, 2 та ҳолатда Янгиобод туманидаги умумтаълим мактабларига оферентлар иштирок этмаган ёки 1 нафар иштирок этганлиги сабабли қайта тендерга (ретендер) қўйилган.
III. Вилоят ҳокимлиги “Ҳарбий-маъмурий сектор жамғармаси” ҳисобидан 17,3 млрд. сўм маблағ эвазига 5 та объектда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишга компания буюртмачи этиб белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу объектларда 2,1 млрд. сўмлик ёки 12,0 фоизга қурилиш-монтаж ишлар амалга оширилиб, 4,4 млрд. сўм ёки шартнома қийматига нисбатан 25 фоиз маблағлар молиялаштириб берилган. Таъмирлаш ишлари якунланган 1 та объектлар Давлат қабул ҳайъати далолатномалари асосида фойдаланишга топширилган.
Мисол учун, вилоят ҳокимининг тегишли Фармойиши билан “Ҳарбий-маъмурий сектор жамғармаси” маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган умумий қиймати 1 млрд. 512,7 млн. сўмга Ғаллаорол тумани мудофаа ишлари бўлимининг маъмурий ва чакирув пункти биноси пудратчи “Сувиншоатқурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан мукаммал таъмирланиб, Давлат қабул ҳайъати далолатномаси асосида фойдаланишга топширилиши таъминланди.
IV. Ҳукуматимизнинг тегишли Қарор, Фармон ва Фармойишлари билан Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси, ҳомий ташкилотлар ва бошқа маблағлар ҳисобидан умумий қиймати 449,4 млрд. сўм бўлган 15 та объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига буюртмачи вазифасини бажариш компаниямиз зиммасига юкланди.
Мазкур объектларда жорий йил 15 июл ҳолатига 201,6 млрд. сўм ёки 45 фоиз маблағлар ўзлаштирилиб, бу ишларга 213,3 млрд. сўм (47%) маблағлар пудрат ташкилотларига молиялаштириб берилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган 24,7 млрд. сўм маблағ ҳисобига Зомин туманида жорий йил 27-30 июн кунлари II Халқаро мақом санъати анжумани асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган Зоминсой меҳмонхонаси қаршисида амфитеатр ва саҳна қуриш, унга туташ худудларни гуллар билан безатиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз муддатида ва сифатли бажарилиши таъминланди. Бу эса, Ҳукуматимиз раҳбарларининг ҳам алоҳида эътиборига савозор бўлди десак муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда, қурилиш ишлари бошлаб юборилган яна бир йирик лойиҳалардан бири Зомин тумани “Ўриклисой” туризм “Мажмуаси” қурилиши ишлари Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра объект қиймати 100,1 млрд. сўмни ташкил қилмоқда.
Худди шундай, Зомин тумани “Дуоба” ҚФЙ ҳудудида “Туберкулёз ва ўпканинг носпецифик касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича замонавий инновацион ва амалий маркази” барпо этиш ишларининг умумий қиймати 160,0 млрд. сўмни ташкил қилиб, пудрат ташкилотлари томонидан бажарилиши лозим бўлган иш ҳажмларининг 76 фоизини ўзлаштиришига эришилди.
Компаниямиз буюртмачилигида янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳар битта объект бўйича алоҳида техник назоратчи ходимлар бириктирилган бўлиб, объектларда ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ва сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.
Барча дастурларнинг ўз вақтида ижро қилиниши ва объектларнинг белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилиши таъминлаб борилади.