Имом Термизий номидаги ислом институти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қайд этилишича, мазкур олий таълим муассасаси Термиз шаҳрида 2020-2021 ўқув йилида очилган ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Айни пайтда Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул эълон қилинмоқда. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.
Абитуриентлар араб тили, ҳадис ва мусталаҳул ҳадис (ижодий) ҳамда тарих фанларидан имтиҳонларини топширадилар.
Ҳозирча қабул имтиҳонлари ўтказиладиган сана бўйича маълумот берилмади.