XIX асрда Англияда пайдо бўлган ушбу спорт тури билан бугунги кунда 300 миллиондан ортиқ инсон шуғулланади. Айрим ҳудудларда уни “пинг понг” деб ҳам аташади. Бунга сабаб ракеткада шарни урганда чиқадиган овоз туфайли унга шундай ном беришган.
1988 йил Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида биринчи марта олимпия ўйини сифатида эътироф этилди.
Ҳозирги кунда ушбу спорт тури билан мамлакатимизда ҳам 7 дан 70 ёшгача бўлган ҳар қандай инсон ушбу спорт тури билан шуғулланиш имконига эга.
2022 йилда солиқ қўмитаси Ўзбекистон стол тенниси федерациясини ривожлантириш учун масъул этиб белгиланди. Шундан бери бутун мамлакат бўйлаб қатор спорт мусобақалари ташкил қилиниб, унинг оммабоплиги ошиб борди.
Хаттоки, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларида алоҳида хоналар ажратилиб, солиқчилар ҳам ушбу спорт тури орқали беллашувлар ташкил эта бошлашди.
Жорий йилда эса бутун мамлакат бўйлаб хаваскор спортчилар ўртасида “Солиқ қўмитаси кубоги” мусобақалари ташкил этилди. Унда 10 минглаб маҳалла ёшлари 3 та ёш тоифасида ушбу бахсларда иштирок этдилар.
Ҳозирда солиқ қўмитаси ва ҳудудий солиқ органлари томонидан ушбу спорт турини янада оммалаштириш, профессионал спортчилар қаторида ҳаваскор спортчилар учун ҳам зарур шарт-шароитларни яратиш ва янги иқтидор эгаларини кашф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун Жиззах футбол академияси спорт мажмуасида “Солиқ қўмитаси кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташпулатов, Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Гавҳархон Муқаддасова ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси вакиллари, спортчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар мусобақанинг ушбу босқичида муваффақиятли иштирок этган ёшларни табриклаб, уларга республика босқичида омад тиладилар. Шундан сўнг, ғолибларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳозирга қадар қатор вилоятларда ҳудудий босқичлар якунланиб, ғолиб иштирокчилар мусобақанинг кейинги босқичига тайёргарлик кўрмоқдалар.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати