Ўзбекистонда саккиз ойда қанча солиқ имтиёзларидан фойдаланилгани очиқланди

Улашиш:

Ўзбекистонда солиқ тўловчилар 8 ойда 16 триллион сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг январь август ойларида 138 661 та ташкилот 16 триллион сўм миқдорда солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Шу билан бирга:

  • 2 927 та корхона молиявий хизматлар бўйича 13,1 триллион сўмлик ҚҚСсиз операциялар амалга оширган;
  • 7 185 та корхона 22,5 триллион сўм миқдорида ҚҚС нол ставкасини қўллаган. 

Солиқ турлари кесимида фойдаланилган солиқ имтиёз суммалари:

  • ҚҚС – 8 триллион сўм;
  • фойда солиғи – 2,3 триллион сўм;
  • ер солиғи – 1,9 триллион сўм;
  • ижтимоий солиқ – 1,9 триллион сўм;
  • ЖШОДС – 884,7 миллиард сўм;
  • мол-мулк солиғи – 801,6 миллиард сўм;
  • АОС – 139 миллиард сўм;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ – 19,9 миллиард сўм. 

Халқаро экспертлар хулосасига асосан, ҚҚС бўйича молиявий хизматлар ва нол ставка ҳисоби алоҳида юритилади.

Бундан аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистонда ташкилотларнинг 2024 йил I ярим йиллик якуни бўйича солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланганлик ҳолатини таҳлил қилганди. I ярим йиллик якуни бўйича фойдаланилган умумий солиқ ва божхона имтиёзлари жами 63,4 триллион сўмни ташкил этган. Яъни давлат томонидан яратилган имкониятлар ва берилган имтиёзлар натижасида шунча маблағ корхона ва ташкилотлар ихтиёрига қолдирилган. 2023 йилда бу кўрсаткич 127,1 триллион сўмни ташкил этган.


Солиқ имтиёзларидан 132 059 та ташкилот фойдаланган, қўлланган жами имтиёз суммаси 39 триллион сўмни, қўлланган солиқ имтиёзларининг 82,2 фоизи ёки 32,1 триллион сўми қўшилган қиймат солиғи (16 триллион сўми ҚҚСдан нол даражали ставка) ҳисобига тўғри келади.


Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда банк-молия ташкилотларидан ташқари, энг йирик имтиёздан фойдаланган ташкилотлар қаторидан қуйидагилар ўрин олган:

  • Uzbekistan Airways АЖ — 881,4 млрд сўм;
  • “Навоийуран” ДК — 581,4 млрд сўм;
  • “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ — 529,6 млрд сўм;
  • Аsia Trans Gas МЧЖ — 453,7 млрд сўм;
  • UzAuto Motors АЖ — 281,8 млрд.сўм;
  • Uz-Коr Gas Chemical МЧЖ ҚК — 224,3 млрд сўм;
  • UzCard — “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ — 145,7 млрд сўм;
  • Uzbekistan Airports АЖ — 145,1 млрд сўм;
  • “Ўзбектелеком” АЖ — 131,2 млрд сўм;
  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ — 121,4 млрд сўм;
  • “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ — 116,9 млрд сўм.
2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.