Олимлар Қуёш қачон “ўлишини” маълум қилди: Ерга нима бўлади

Улашиш:

Шу вақтга қадар Қуёш ўз ҳалокати олдидан Ерни ютиб юбориши ҳақида ҳисоб-китоблар мавжуд эди. Янги кашфиёт сайёрамиз омон қолиши мумкинлигини кўрсатди.

Калифорния университети олимлари астроном Кеминг Жан бошчилигида микролинзалаш усули билан ўлик юлдуз атрофида айланаётган экзосайёра — оқ паканани кашф этди. Тадқиқотчиларнинг эътиборини тортган нарса шуки, бу тизим Қуёш тизимига ўхшаб кетади, унинг ҳолати эса Ер ва Қуёшнинг келажакдаги қиёфасини акс эттириши мумкин. Ушбу тадқиқот Nature Astronomy журналида эълон қилинди.

Олимлар оқ паканалар тизимини кузатаётганда, тасодифан орқа фондаги юлдузларнинг ёруғлиги бузилганини аниқлади. Бу ҳодиса гравитацион линзалаш деб аталади. Олимларни қизиқтирган сайёра айнан шундай кашф этилди. Тадқиқотчилар унинг массаси Ер массасидан 1,9 марта катта эканини аниқлади, бироқ бу объектнинг тузилиши Ерникига ўхшаб кетади.

Бундан ташқари, оқ паканагача бўлган масофа ҳам ҳисоблаб чиқилди. У 2,1 астрономик бирликка тенг экани маълум бўлди, яъни Қуёш билан Ер орасидаги масофадан икки баробар кўпроқ.

Аммо кашфиётнинг энг муҳими жиҳати — юлдузнинг ҳалокатидан кейин ҳам тизимда бу сайёранинг тирик қолиши эди. Оқ пакананинг массаси баҳолангач, уни тирик қолдирган юлдуз Қуёшга ўхшаш экани аниқланди. Бундай юлдузлар ҳалок бўлишидан олдин қизил гигантларга айланади. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида Қуёш ҳам кенгайиб, Меркурий ва Венерани, шунингдек, Ерни ҳам ютиб юбориши мумкин. Бироқ яқиндагина топилган сайёра мисолида унинг фалокатдан омон қолганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, пакана сайёра юлдуз ҳалок бўлишидан олдин тахминан Қуёш ва Ер оралиғидаги масофада жойлашган эди, юлдузнинг “сўнгги талвасаси” пайтида эса “узоқлашган”.

Замонавий моделларда Қуёш кенгайишни бошлаганда, Ер ютилишдан қутула оладими ёки йўқ, деган масалада турлича фикрлар мавжуд. Бунинг сабаби, қизил гигантнинг масса йўқотиш тезлиги ҳақида билимлар жуда оз. Калифорнияликлар кашфиёти шуни кўрсатадики, Ернинг ҳалокатини башорат қилувчи айрим моделлар ҳаддан ташқари пессимистик. Сайёрамиз ютилишдан қутулиб қолиши мумкин — буни оқ пакана мисолида кўрдик.

Дарвоқе, Ер аҳолиси бу жараёнларни кўра олмаслиги мумкин. Гап шундаки, Қуёш тахминан 5 миллиард йилдан сўнг қизил гигантга айланишни бошлайди. Аммо жараёндан олдинроқ унинг ҳарорати кўтарилиб, сайёрамизда ҳозиргидек ҳаёт кечириш имконсиз бўлиб қолади. Бунинг ўрнига, Сатурн ва Юпитернинг йўлдошлари яшаш учун қулай зонага айланиши мумкин. Олимларнинг тахминига кўра, инсоният ўша ерларга кўчиб ўтади ва улардан туриб Ерга нима бўлаётганини кузатади.


2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.