Ёшига тўлмаган чақалоқларни қандай овқатлантириш керак?

Улашиш:

Бир ёшгача бўлган болаларга қандай қўшимча овқатлар бериш мумкинлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси томонидан бир қатор тавсиялар берилди.


Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Фотима Абдураҳмоновага кўра, чақалоқ олти ойгача фақатгина табиий она сути билан озиқланиши керак.

"Чақалоқ олти ойга тўлгач, шифокор тавсияси асосида унга она сутидан ташқари бўтқа, шарбат ва пюре кўринишида қўшимча озуқалар бериш мумкин. Сабаби тез ривожланаётган мурғак организмнинг эҳтиёжлари она сути билан тўла қопланмайди", дейди у.

Шифокорнинг таъкидлашича, гўдакни қўшимча таом билан она сутидан олдин озиқлантириш керак. Болага бундай егулик икки ҳафта давомида берилгач, учинчи ҳафтадан бир марталик кўкрак сути билан овқатлантириш ўрнига алмаштирилади. Улар таркиби сабзавот бўтқаларидан ташкил топган бўлиши лозим.

Даставвал, бўтқа оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик керакли миқдорга аста-секин етказилади. Шуни йодда тутиш лозимки, бу ёшдаги гўдакка бир пайтнинг ўзида иккита қўшимча таом берилмайди. Бола биринчи қўшимча озуқага кўниккач, иккинчисига ўтиш мумкин.

"Кичкинтой 7 ойлик бўлгач, унга иккинчи қўшимча таом – бўтқалар (маннали, гречкали) берилиб, 2 ҳафта ичида иккинчи галдаги она сути у билан алмаштирилади. Ушбу даврда қайнатилган тухум сариғининг ярмини ҳафтасига икки марта, кейин кунора бериш мумкин.

Бола 8 ойга тўлганда таомномага учинчи қўшимча егулик сифатида қатиқ ва творог киритилади. Дастлаб, қатиқ оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик эса керакли миқдорга аста-секин етказилади" дейди Фатима Абдураҳмонова.

Унга кўра, 9 ойликдан бошлаб нон (печеньелар), олмани бўлакча шаклида бериш мумкин. 10 ойликдан бошлаб гўшт қиймасидан тайёрланган фрикаделькалар, 12 ойликдан буғда пишган котлетлар берилади. Болага чой бериш мақсадга мувофиқ эмас. Унинг ўрнига мева шарбати, қайнатилган сув ичирилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.