Энди чиқиндидан қарзи борлар учун "свет"га тўлов қилиш чеклаб қўйилади

Улашиш:

Чиқиндидан қарзи борларга электр энергияси тўловларидаги чекловлар ҳақида хабар берила бошланди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аҳоли чиқинди пулини тўламагани учун электр энергиясини ўчириб қўйишни бошлагани ҳақидаги хабарлар тарқалди. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ушбу хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармонида чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни СМС орқали хабардор қилиб бориш амалиёти белгиланган.Шунингдек, фармонда чиқинди қарздорлиги бўйича огоҳлантирилгандан кейин ҳам тўлов қилмаган шахсларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиётини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

"Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг октябр ойидан бошлаб "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали огоҳлантириш хабарларини юбориш амалиёти йўлга қўйилди.

Айни пайтда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан чиқинди бўйича огоҳлантириш хабари юборилгандан сўнг, қарздорликни бартараф этмаган истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларда чекловлар киритиш бўйича ҳам техник ишлар олиб борилаётганини маълум қиламиз.

Шу ўринда чиқинди қарздорлиги учун юборилган хабарномалар бўйича истеъмолчилардан келиб чиқаётган шикоятлар юзасидан чиқинди йиғиш ва ташиш хизматларига мурожаат қилишларини сўраймиз. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосида хабар юбораётганини маълум қилади", дейилади расмий муносабатда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.