Сречко Катанец саломатлиги сабаб Эрон ва БААга қарши ўйинларда терма жамоани бошқармайди

Улашиш:

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабаб Эрон ва БААга қарши баҳсларда иштирок этмайди. Учрашувларга жамоани ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович тайёрлайди.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Эрон ва БААга қарши баҳсларда иштирок этмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциация маълум қилди.

Миллий терма жамоа 7 октябрь куни Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг Эрон ва БАА терма жамоаларига қарши ўйинлари олдидан навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади.

«Бош мураббийимиз Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди», — дейилади хабарда.

Жамоани мазкур иккита учрашувга ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович тайёрлайди.

Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец 5 июнь куни Туркманистон билан ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ўз саломатлиги бўйича гапирганди.

«Менинг руҳий ва жисмоний ҳолатим эмас, футболчиларнинг саломатлиги аҳамиятли бўлиши керак. Соғлигим ҳақида гапирсам, анча вақт кетиб қолади. Танамда бўладиган ўзгаришларга вақтида эътибор бермаганман. Футболчилар билан бу ҳақда суҳбатлашдим. Агар учинчи марта соғлигим сабаб термани тарк этсам, бошқа қайтиб келмайман», — дея мураббийнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Daryo.uz».

Ундан аввал, 2023 йил 14 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан юзага келган муаммолар сабабли «CAFA Nation’s Cup 2023» турнирининг Туркманистонга қарши учрашувида қатнаша олмаганди.

2024 йил 23 март куни ҳам Катанец кутилмаганда соғлиғи билан юзага келган муаммолар туфайли ватани — Словенияга жўнаб кетишга мажбур бўлганди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.