Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги диний блогер ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси Алишер Турсуновни (Мубашшир Аҳмад номи билан ҳам танилган) қидирувга берди. Расмий маълумотларга кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244−2-моддаси 1-қисми — диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш айби билан жиноий иш қўзғатилган. Бу модда 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Алишер Турсунов Ўзбекистонда 2017 йилда Azon медиа гуруҳини ташкил этган, у интернет-портал, радио ва телевидение орқали диний мавзуларни ёритиб келган. Бироқ 2023 йил август ойида лойиҳа ёпилган, шундан сўнг Турсунов Azon Global номли янги ахборот-таҳлилий платформасини ишга туширганди.
Қидирув ҳақидаги хабар бир йил олдинги воқеаларни ёдга солди: 2023 йил охирида Туркия махсус хизматлари Турсуновни ҳибсга олиб, депортация марказига жойлаштирган. Аммо ўтган йилнинг февраль ойида у озодликка чиқиб, оиласига қайтган эди.
Бу воқеа диний медиа ва жамиятдаги мураккаб муносабатларнинг навбатдаги акс-садоси сифатида баҳоланмоқда. Турсунов иши ортидан қандай сиёсий ёки ижтимоий жараёнлар юз беради — буни вақт кўрсатади. Кузатамиз!