Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли 6 йил 3 ой муддатда қурилади

Улашиш:

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши вақти 6 йил 3 ойни ташкил этишини маълум қилди. Лойиҳага кўра, йўлда 10 та туннель бўлади (жами узунлиги 33 км, энг узуни 6,8 км). Пулли йўл қурилиши орқали сафар вақти 2 соат 14 дақиқага қисқаради.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли бўйича Жаҳон банки билан ишлаб чиқилган лойиҳанинг асосий жиҳатлари тўғрисида маълумот берди. У бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ташкил этилган «Мамлакатлар платформаси»нинг 3-давра суҳбатида тақдимот қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Вазир ўринбосари берган маълумотларга кўра, йўлнинг 64 фоизи янги қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган I-a категориясидаги йўл 6 қатордан иборат бўлади. Йўлнинг қурилиш муддати 6 йил 3 ойни ташкил этади.

Жараён уч босқичдан иборат бўлади: биринчи босқичда Тошкент-Ангрен (78 км), иккинчи босқичда Ангрен-Поп (93 км), учинчи босқичда эса Поп-Андижон (143 км) қисмлари қурилади. Йўл цемент-бетон қопламали бўлади.

Пулли йўлда жами 102 та сунъий тузилма қурилиши кутилмоқда. Ундаги йўлўтказгичларнинг жами узунлиги 1122 метрга етади. Йўлда жами 10 та туннель бўлиши ва уларнинг умумий узунлиги 33 кмга етиши кутилмоқда. Энг узун туннель 6787 метрни ташкил этади.

Мазкур йўл қурилиши Тошкентдан Андижонга сафар қилиш вақтини ҳозиргидан 2 соат 14 дақиқага камайтириш имконини беради. Лойиҳа қиймати 4,28 млрд (2023 номинал нархида) долларни ташкил этади. Мазкур йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикчилик келишуви 49 йил муддатга амал қилади.

Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли чизмаси. Фото: Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг тақдимотидан.Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли чизмаси. Фото: Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг тақдимотидан.

Лойиҳаларни инвестиция олдидан ўрганиш ва тендер жараёнларида битимлар бўйича маслаҳат бериш юзасидан Ove Arup and Partners International Limited, PricewaterhouseCoopers Central Asia and Caucasus BV ва CMS Cameron Mc Kenna Nabarro Olswang LLP қўшма корхонаси билан умумий қиймати 6,78 млн долларлик шартнома имзоланган.

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, йўл қурилиши бўйича бошқа маълумотлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилгач маълум бўлади. Тендер ўтказилиб, ТИА ишлаб чиқилгач, баъзи деталлар ўзгариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Тошкент халқаро инвестиция форумида Жасурбек Чориев Тошкент-Андижон йўналишидаги пулли автомобиль йўлининг нархи 4,65 млрд долларга баҳоланаётганини маълум қилганди.

Октябрь ойида лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, 2025 йил март ойида тендернинг биринчи, октябрда эса иккинчи босқичини ўтказиш, 2026 йил апрелида ғолибни эълон қилиш ва у билан ДХШ шартномасини тузиш режалаштирилган.

30 август куни имзоланган президент қарори билан 2024−2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланганди. Ҳужжатга кўра, Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш 2026 йилда бошланиши лозим. Шу тариқа йўл қурилиши 2032 йилга бориб якунланиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.