Муомаладаги нақд пул улуши 20,7 фоизгача камайди, картадаги маблағ камроқ нақдлаштирилмоқда — МБ

Улашиш:

Январь-сентябрда муомаладаги нақд пул улуши йиллик кўрсаткичда 3,2 фоиз бандга — 23,9 дан 20,7 фоизга пасайди, деб хабар қилди Марказий банк. Карта эгалари маблағларини тобора камроқ нақдлаштирмоқда.

Марказий банкнинг нақд пул муомаласи бўйича таҳлили натижаларига кўра, январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, жами пул массасидаги нақд пул улуши янада камайган.

1 октябрь ҳолатига жами пул массаси (М2, муомаладаги нақд пул ва нақд бўлмаган маблағларни ўз ичига олади) 256 триллион сўмни ташкил этиб, йил давомида 26,7 фоизга ўсди. Нақд пул ҳажми (М0) йил давомида 10,4 фоизга — 48 триллион сўмдан 53 триллион сўмга ўсди.

марказий банк, нақд пул, пул муомаласи

Муомаладаги нақд пул улуши 3,2 фоиз бандга — 23,9 фоиздан 20,7 фоизга камайди (2022 йил январь-сентябрида 24,4 фоизни ташкил этган).

Тўққиз ойда банкларга жами нақд пул тушумлари ҳажми 605 триллион сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўп. Нақд пул тушумларининг улуши 62 фоиздан 59 фоизга камайди, терминал орқали тушумлар эса 38 фоиздан 41 фоизга ошди.



Шу даврда банкларнинг нақд пул айланмаси ҳажми 727 триллион сўмни ташкил этди. Нақд пул тушумлари 360 триллион сўмга, берилган нақд пуллар 367 триллион сўмга етди. Нақд пулга талаб ошиши натижасида МБ муомалага қўшимча 8 триллион сўм нақд пул чиқарди.

Ушбу даврда банк карталарига 740 триллион сўм (+31 фоиз) ўтказилди. Шундан 167 триллион сўми (+21 фоиз), жумладан, банкоматлар орқали (улуши — 83 фоиз) нақд пулда чиқарилди. Умуман олганда, картадан нақд пул ечиб олиш улуши 24,4 фоиздан 22,6 фоизга (2022 йил январь-сентябрида — 27,3 фоиз) камайди, яъни картага тушган маблағлар тобора камроқ нақдлаштирилмоқда.

марказий банк, нақд пул, пул муомаласи

Банк кассаларидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун қилинган нақд пул харажатларининг улуши 22 фоиздан 24 фоизга — 66 триллион сўмдан 88,1 триллион сўмга (бир йилда +33,4 фоиз) ўсди.

Апрель ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати нақд пулдан фойдаланишни камайтириш мақсадида яширин иқтисодиётга қарши курашиш чораларини ишлаб чиқаётгани маълум бўлганди. Кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдиси, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва бошқалар нақд пулсиз шаклга ўтказилиши мумкин.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.